Get Mystery Box with random crypto!

Мен – кўзгуман: кимки бўлса рўпара, Мени эмас, кўрар фақат ўзи | Kelajakka bir qadam

Мен – кўзгуман: кимки бўлса рўпара,
Мени эмас, кўрар фақат ўзини.
Ўзи башараси қийшиқ, бир қаранг,
Негадир ўгирар мендан юзини.
“Кўзгу”га тупурма боқиб туриб сан,
Чунки унда менмас, ўзинг турибсан.
* * *
Ҳамма қатори бўл, “авом” бўл атай,
“Буюк” бўлма – буюк бўлсанг ҳам гарчи.
Ўзингни гўлликка солсанг-ку, бахайр,
Бечораҳол бўлиб кўринсанг – ҳар чи…
Йўқса “кир кийим”дек сувга босарлар,
“Гуноҳ”ингни ювиб, “дор”га осарлар.
***
Мен ҳам ўз тошимни териб юрибман,
Ҳарчанд тўйдирсалар ҳамки жонимдан.
Ҳолбуки бировлар, кўриб турибман,
Харсанглар кўтариб ўтар ёнимдан.
Тоғ елкалаб ўтиб туриб қошимдан,
Қаранг, кўз узмайди яна тошимдан!
***
Бу кийим мен эмас, ичидаги мен,
Аслимни яшириб турар рўдапо.
Одамлар ҳам қизиқ, мени қўйиб денг
Либосимга ҳурмат келтирар бажо.
Ҳақиқатга яқин бўлганинг сари
Яланғоч бўлурсан унинг сингари.

Исроил СУБҲОНИЙ