Get Mystery Box with random crypto!

МУНОЖОТ Қушмидим қуёшга яғриним тутсам, Тошмидим долғалар сач | КАТАРСИС (Шавкат Дўстмуҳаммад кундалиги)

МУНОЖОТ

Қушмидим қуёшга яғриним тутсам,
Тошмидим долғалар сачрашин кутсам.
Ё дарахтмидимки қайта ниш отсам,
Қўлимдан келгани фақат илтижо:
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Им этсам – кўзёшнинг ранги бўлсаки,
Эм этсам – мағфират чанги бўлсаки.
Ким учун, билмадим, янги бўлсаки –
Мен учун минг йиллаб интиқди ридо,
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Дуога қўл очсам, қалқади дунё,
Дунёйи нафсимни алқади дунё.
Кўкни кўк кўрсатиб алдади дунё,
Ерни юмшоқ қил, деб айладим дуо:
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Қанча қил кўприкдан ўтиб кўрган ғул,
Ўтга оёқ тоблаб, чиниқтирган қул.
Сенинг зикринг ила бўлмадим машғул,
Фаришта эмасман, одамман-ку, о!
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Сен мени заррадан этгансан бунёд,
Мен-да ҳар заррада сени этдим ёд!
Ёд этиб илғашга интилдим бот-бот,
Топдимми-топмадим, билмадим аммо,
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Аллоҳим, вужудим дўнди сомега,
Пўртана ўй тўлди ақлим жомига –
Тиниб, етмагунча то маромига:
Безовта руҳимдан этмагин жудо,
Худойим! Худойим! Худойим! Худо!

Ш.Д.
3.8.22