Get Mystery Box with random crypto!

13 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши | Maxmudoff.uz

13 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши давлат университетида 8-талабалар турар жойи ва Тиббиёт факультети биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Шунингдек, вилоят раҳбари талаба ёшлар билан учрашиб, улар томонидан билдирилган "Пр компания яратиш", "Вилоят ҳокими гранти" танловини ўтказиш, "Беш ташаббус боғи"ни барпо қилиш сингари таклифларни тинглаб, уларни қўллаб-қувватлашини билдириб ўтди.

Менимча, талабалар ўзлари учун энг керакли бўлган асосий таклиф(лар)ни билдиришмади (деб ўйламоқдаман). Дейлик, "Вилоят ҳокими гранти" танловини, "Беш ташаббус боғи"ни барпо қилиш учун унга сарфланадиган маблағ фойдали томонга ишлатилса (шахсан ўзим бу таклифларга қарши эмасман), айни муддао бўларми-ди?

Сабаби вилоят ҳокимининг ўзи "Бугунги кунда университетнинг хорижий тиллар йўналиши бўйича таълим олаётган талабаларнинг атиги 10 фоизи Б2 ва С1 сертификатига эгалигини;
Немис ва француз тили таълим йўналишининг бирорта ҳам талабасида С1 сертификати мавжуд эмас"лигига алоҳида тўхталиб ўтди.(Бу ҳолат жуда ҳам ачинарли эканлигини ҳамма билиб турибди).

Шу боис, юқоридаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида қуйидаги таклифларни реал ҳаётга жорий қилиш керакка ўхшамоқда.

Биринчидан; университетнинг хорижий тиллар факультетида таҳсил олаётган талабалар учун вилоятдаги энг яхши таълим (инглиз, францус, немис) берадиган ўқув марказларидаги репетитор (ўқитувчи)ларнинг талабаларга қўшимча дарс ўтишлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан молиялаштириш орқали, талабаларнинг хорижий тилларни ўрганишларига муносиб ҳисса қўшиш;

Иккинчидан; Вилоятдаги барча (ётоқхонада турадиганлар) талабаларни кутубхонага олиб бориш, кўпроқ бадиий ва илмий асарларни мутолаа қилишлари учун уларни алоҳида рағбатлантириш тизимини жорий қилиш; дейлик битта китобни ўқиган болани моддий (мисол учун, ҳар бир ўқиган китоби учун 10 минг сўм ёки ундан кўпроқ миқдорида) томонлама рағбатлантириш орқали уни китоб ўқишга ундаш;

Учинчидан; Дарс машғулотларига халақит бермаган ҳолда ҳар ойда талаба ёшлар ўртасида, қизиқишидан келиб чиқиб, спортнинг бирор-бир тури бўйича университет миқёсида ички биринчиликлар ("Декан ёки Ректор кубоги")ни доимий равишда ўтказиш ҳамда уларни ҳам моддий, ҳам маънавий томонлама қўллаб-қувватлашни татбиқ этиш.

Шу ўринда, агар юқоридаги таклифлар(им) инобатга олиниб, реал ҳаётда жорий этиладиган бўлса, фаол талабалар учун "Туризм ҳафталиги"ни жорий қилиб, уларни тарихий вилоятларга саёҳатга юбориш механизми йўлга қўйиш орқали, ўйлайманки, вилоятимизда таълим сифати ортишига ва талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқини уйғонишига ҳисса қўшган бўлармидик?

Журналист: Илёсбек Махмудов