Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистонда киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эът | Cybersport of Uzbekistan

Ўзбекистонда киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эътироф этилди

Шавкат Мирзиёев киберспорт ўйинларини ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Унга кўра, 2023 йилдан бошлаб анъанавий тарзда киберспорт турлари бўйича:

— ҳар йили апрель ойида “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати;
— ҳар йили декабрь ойида “Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири;
— ҳар йили июнь ойида “Ёшлар кубоги” турнири ўтказилади.

Бунда ушбу мусобақалар уч босқичда ўтказилади ҳамда туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари онлайн бўлади.

Киберспорт бўйича мусобақаларда ғолиб ҳамда совриндор бўлган киберспортчиларга бирйўла бериладиган пул мукофотлари ва совғалар солиққа тортилмайди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Спорт фаолияти: киберспорт» бакалавриат таълим йўналиши очилади ҳамда ўқиш муддати 3 йил бўлади.

“Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчилар 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.

Киберспорт фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб киберспорт клубларига уларнинг бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларини қоплаш учун ҳудудий “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан ҳар ойда 3 ой давомида 15 миллион сўмгача пул маблағлари ажратилади. Ажратилаётган маблағларни киберспорт клубларига алоҳида шартлар (киберспортчиларни тайёрлаш, тренер жалб қилиш, мусобақаларда иштирок этиш ва бошқалар) асосида берилади.