Get Mystery Box with random crypto!

ЎТГАН КИШИЛАРГА СИҒИНИШ Ўтган кишиларга сиғиниш, уларга худол | ЖАННАТ ОШИҚЛАРИ

ЎТГАН КИШИЛАРГА СИҒИНИШ

Ўтган кишиларга сиғиниш, уларга худолик сифатини бериш барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақийдадир. Кимки бу эътиқоднинг моҳиятини чуқур ўйлаб кўрса, унинг нотўғри ва қониқарсиз эканлигига ишонч ҳосил қилади. Ушбу маънони тузукроқ англатиш мақсадида «Тафсири Ҳилол» номли ўзимиз таълиф этган китобдан иқтибос келтирамиз:

«Аллоҳ таоло Отамиз Одам алайҳиссаломни жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Отамиз Одам алайҳиссаломга келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади. Отамиз Одам алайҳиссаломнинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақти-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг, шайтон қолган кишилар орасида васваса қилиб: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларингизни ҳақиқатан яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди. Бу гап одамларга ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб, уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишарди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди. Кейинги авлодлар оталарининг ўз ҳайкалларини улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганини кўриб, вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва уларга қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундай қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар».

«Ривоятларда келишича, Вадд, Суваь, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларни ниҳоятда яхши кўришган ва ҳурмат қилишган. Вақти-соати етиб, улар вафот этганларидан сўнг, шайтон васвасасига учиб, кишилар уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Уларни зиëрат қилганлар. Аста-секин уларга дардларини айтадиган бўлишган. Оқибатда, вақт ўтиши билан уларни Худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат этганлар».

Ўтиб кетганлар ким ўзи? Ўйлаб кўрайлик-чи. Улар ҳам аслида оддий одамлар бўлган, еб-ичган, касал бўлган, тузалган ва ниҳоят, ажали етиб, ўлган. Баданларини қурт еб, чириб кетган. Хўш, қурт еб, чириб кетган нарсадан ёрдам сўраш, унга илтижо қилиш ақлга тўғри келадими? Албатта, йўқ. Баъзилар: «Уларнинг аждодлари вафот этганларидан сўнг, руҳлари жасадларидан ажраб чиқади, шу руҳлар улар билан бирга юриб, қўллаб-қувватлайди ёки ёрдам беради», дейишади. Шундай тушунчадаги кишиларга савол берамиз: «Ўша сиз айтган руҳлар қани? Уларнинг ҳақиқати нима ўзи? Ва улар сизларни қандай қилиб ҳимоя қилади?» Аслида руҳ жисмдан ажрагандан сўнг кучсиз бир нарсага айланади ва ҳеч нарсага таъсир қила олмайди. Руҳ фақат жисм билан бириккандагина, қувватга кириб, бирор таъсирга эга бўлади. Тирик инсон қувватга тўлган чоғида ҳам жуда кўп нарсаларни амалга ошира олмайди. Ўз атрофидаги нарсаларга таъсир қила олмайди. Шундай экан, ўликлар қандай қилиб тирикларга таъсир ўтказсин? Ўтган аждодларга сиғиниш кишилар ўртасида кўпгина хурофот ва афсоналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

«Иймон» китобидан.


Албатда Яқинларингизга хам йуборинь!!
Зеро эслатмоқ қилмоқнинг савобига тенгдир

@jannat_oshqlari