Get Mystery Box with random crypto!

ЯХШИЛИК ВА ПОКЛИККА ОИД ИШЛАРНИ ЎНГ ТАРАФДАН БОШЛАШ #Sunnat О | Jannat Orzusi | The Dream of Paradise

ЯХШИЛИК ВА ПОКЛИККА ОИД ИШЛАРНИ ЎНГ ТАРАФДАН БОШЛАШ
#Sunnat

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканлигини айтиш билан сиз билан биз умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклиги тарғиб қилинмоқда.

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покланишларида ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап боргани учун уни ғусл бобида келтирилмоқда.
Демак, ғуслда ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак.

Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларини ўнг томонини тарашдан бошлар эдилар. Оёқ кийими кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар.

Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:
«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар»,
дейилган.

Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар ўнг томон соҳиблари, дейилади. Бу дунёда яхши ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томондан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисобланади.

Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тарғиб этилади.
Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган.

Аҳли дўзахилар чап томон соҳиблари, дейилади.
Бу дунёда ёмон ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари у дунёда чап қўлларидан берилади.
Нопоклик, тозалаш лозим бўлган, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни тозалаш, бурунни қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.

Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қиламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканимизни ошкор қилиб қўямиз.

Бу ҳадисни ўқиганимиздан кейин зудлик билан унга оғишмай амал қилишга ўтишимиз керак бўлади. Ўзимиз унга амал қилишимиз билан бирга фарзандларимиз, оила аъзоларимиз, яқин кишиларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Дўстларингизга ҳам улашинг!


Manba:
@fitratuz