Get Mystery Box with random crypto!

Намоз ўқиётганда ари чақса... Имом Бухорий асҳобларидан би | Jannat Orzusi | The Dream of Paradise

Намоз ўқиётганда ари чақса...

Имом Бухорий асҳобларидан бири у кишини ўз боғига чақирибди. Пешин намози бўлган экан, одамларга имомликка ўтиб бўлиб, нафл намоз бошлабдилар. Қиёмда узоқ турибдилар.
Намозни тамом қилганларидан кейин кўйлакларининг этагини кўтариб, ўзлари билан бирга бўлган шахслардан бирига:
«Қара-чи, кўйлагимнинг остида бир нарса борга ўхшайди», дебдилар.
Қараса, ари ўн олти-ўн етти жойидан чақиб, баданларини шишириб юборган экан. Арининг асари жисмларида очиқ кўриниб турган экан. Одамлар у кишига:
«Биринчи чаққандаёқ намоздан чиқсангиз бўлмасмиди?!» дедилар.
«Бир сурани ўқиётган эдим. Тугатиб қўяй дегандим»,
дедилар».

Имом Бухорийнинг сафарларида кўпинча бирга бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотим эслайди:
«У киши саҳар чоғи ўн уч ракъат намоз ўқир эдилар. Витрни бир ракъат қилардилар. Ўзлари турганда мени уйғотмас эдилар.
«Ўзингиз шунча оғирликни кўтариб, мени нимага уйғотмайсиз?» десам:
«Сен ёшсан, уйқунгни бузмай дедим», дер эдилар».


Имом Бухорий тоат-ибодатга тарғиб қилиш борасида:
«Мусулмон инсон учун дуо қилса, қабул бўлмайдиган ҳолатда юриш тўғри келмайди», деганлар.

Имом Бухорий яхши амалларни иложи борича кўп қилиш пайидан бўлар эдилар. У киши Бухоро яқинида бир работ қурганлар. Жуда кўп одам бу ишда у кишига ёрдамга келган. Шундай бўлса ҳам, имом Бухорий ўзлари ғишт ташиб, ишлаганлар. Одамлар:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Сиз овора бўлманг», дейишди.
«Мана шу менга манфаат беради»
, дедилар у киши.
Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳам, амаллари ҳам илмга асосланган бўлар эди. Бир куни у киши Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроққа:
«Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганлар.

Дўстларингизга ҳам улашинг!

"Одоблар ҳазинаси" китобидан
•┈•┈•┈•❁imonuz❁•┈•┈•┈•

imon.uz | @imonuz