Get Mystery Box with random crypto!

«Батька» ўзбекларга ақл ўргатишга ҳақлими? Қозоғистонда бўлиб | Qaydlarim

«Батька» ўзбекларга ақл ўргатишга ҳақлими?

Қозоғистонда бўлиб ўтган тартибсизликларни маҳаллий ҳокимият террорчилар ҳужуми ўлароқ баҳолаб, хориждан кирган 20 минг террорчини ахтариб, ҳозирча 8 мингга яқин одамни ҳибсга олди.

Турли хабарларга кўра, Қозоғистон ҳукумати террорчиларни шу мамлакатда меҳнат миграциясида бўлиб турган қўшни давлатлар фуқаролари орасидан ҳам қидирмоқда. Чунки «хориждан кириб келган террорчилар» дейилди ва кейинги ҳаракатлар шунга мос бўлиши керак.

Бу орада қозоқ чекистлари қирғизистонлик таниқли жаз пианиночисини башарасини бежаб, ундан террорчи ясаб, камерага иқрорлик сўзларини мажбурлаб айттириб, шарманда ҳам бўлиб бўлишди.

Пианиночи-ку, анча таниқли экан, Қирғизистон президентию МХДҚ раҳбари ҳам жонига ора киришди. Лекин, айтайлик, самарқандлик сувоқчини террорчисан, деб ушласа, уни ким қутқаради? Ушланадиган ҳамюртларимиз сони юзларга, мингларга етса-чи?

Хўп, қозоқ расмийларининг хорижда тайёргарлик кўрган террорчилар Қозоғистонни қўлга олмоқчи, пароканда қилмоқчи бўлган, деган гапларига ишонган тақдиримизда ҳам, ҳали бирорта халқаро террорчилик ташкилоти бундай баёнот билан чиққани йўқ. Фақат Россиянинг пропагандачи журналистлари ҳам, айрим партия раҳбарлари ҳам, депутатлари ҳам Қозоғистонни Россия таркибига қўшиб олиш кераклиги ҳақида кетма-кет чиқишлар қилиб бўлишди.

Ақли ҳуши жойида бўлган одам аслида ким дўсту ким душман, кимнинг нияти қанақа эканлигини осонгина англаб олади.

Энди гўёки Тўқаевнинг жонига ора кирган КХШТ (ОДКБ) нинг онлайн йиғилишида Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамма гап қолиб, Ўзбекистон бу воқеалардан сабоқ чиқариши керак, деяпти.

Лукашенко бу гапни «ОДКБга аъзо бўлмасаларинг, Ўзбекистонга Россия қўшинларини киритмасаларинг сизлар ҳам мана шундай балога мубтало бўласизлар», деган маънода гапирди, албатта.

Бедодликни қаранг: Европанинг қоқ марказида жойлашган Беларусдек давлатни улкан қамоқхонага айлантирган, одил суд, мустақил фикр ва эркин сўзни тамомила йўқ қилган «Батька» ўзини Ўзбекистонга ақл ўргатишга маънавий ҳақли ҳисобламоқда!

Қизиқ, нега ташқи ишлар вазирлиги бу чиқишга норозилик нотаси эълон қилмаяпти. Нимага бошқа расмийларимиз жим? Ё сукут аломати ризо, сифатида қабул қилинишини исталмоқдами «Батька»нинг гаплари? Ёки эътиборга арзимайди, деб ҳисобланаяптими?

Келиб келиб, Лукашенко, Путин кабилар қандай яшашни ўргатадиган ОДКБ ва ЕврАзЭС каби ташкилотларга аъзо бўламизми?

Албатта, Лукашенко айтганидек, Қозоғистон воқеаларидан Ўзбекистон халқи ҳам, раҳбарияти ҳам хулоса чиқариши керак. Лекин у(лар) истаётганига мутлақо терс тарзда.

Юртимизда президент Ш.Мирзиёев кўп бора такрорланган журналистлар учун эркинликлар, инсон қадрини юксалтириш учун қилинаётган ҳаракатларни барчамиз бир тану бир жон бўлиб қўллаб қувватлашимиз керак. Чунки бу эзгу ишларнинг барчаси очиқликни таъминлаш ва халқ фаровонлигини ошириш йўлида қилинмоқда.

Мустақилликнинг 30 йили ичида ўзбеклар кўп жабру ситам кўрди. Ҳокимиятдан ҳам, радикал кайфиятдаги террорчилардан ҳам. Ватан тинчлиги ва осойишталиги учун ўғлонларимизнинг қонлари тўкилди. Биз мустақилликни «юҳо»ларга осонликча топшириб қўймаймиз. Унинг учун курашамиз. Бу юртда болаларимиз озод яшашлари керак.

Ҳозир ўтмишда йўл қўйилган хатоларнинг барчасини ортга солиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда ривожланишнинг янги босқичи томон ҳаракатланмоқдамиз. Кўп йиллар давомида инсон ҳақи, ҳуқуқини чеклаган кўпгина қонун ва қоидалар бекор қилинди. Ҳали олдимизда инсон манфаатини юксалтириш учун қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бош тамойил Президент томонидан белгиланган — Халқни рози қилиш.

Лекин кўряпмизки, тинч, осуда яшашга осонгина қўйиб бермайдиган кўринишади. Шунинг учун учун ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак. Юртимизда мавжуд қонун-қоидаларга амал қилишимиз керак.

Юртимизга бўладиган ҳар қандай хуружни доим ўз аскарларимиз билаги билан бартараф қилиб келганмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки бунга армиямизнинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етади. Ўзбеклар кимнингдир ҳарбий кўмаги, маслаҳатларига зор эмас.

@shokirjonov