Get Mystery Box with random crypto!

АЛҚАМА Алқама розияллоҳу анҳу таниқли саҳобалардан эди. Охира | 🍃«Жалолиддин Румий»🍃

АЛҚАМА

Алқама розияллоҳу анҳу таниқли саҳобалардан эди. Охират диёрига риҳлат қилиш вақти келиб, ажали етганида ҳар қандай сўзларга тили борса ҳам, фақат шаҳодат калимасига тили айланмай қолган эди. Унинг аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб бу ҳолатни айтишди.
– Унинг ота-онаси борми? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
– Отаси ўтиб кетган, онаси ҳаёт, фалаж бўлиб қолган, – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ва Аммор розияллоҳу анҳумога тайинладилар:
– Эй Билол, эй Аммор! Алқаманинг онаси олдига бориб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни чорлаяптилар. Агар имконингиз бўлса, борар экансиз. Бўлмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари келар экан”, деб айтинглар.
Билол ва Аммор розияллоҳу анҳумо Алқаманинг онасига бу хабарни етказишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чорловларини эшитган онаизор йиғлаб юборди:
– Ота-нам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Сиз менинг олдимга келишингиздан кўра мен сизнинг олдингизга боришим муносиброқ, – деб ўзи фалаж бўлса-да, йўлга чиқди.
У етиб боргач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
– Эй Алқаманинг онаси, Алқама қандай?
– У яхшиликда. Намоз ўқийди, рўза тутади, ғанимат-ўлжага эга бўлади, – жавоб берди она.
– Сизга муомаласи қандай?
– Мен ундан қаттиқ хафаман!
– Нима учун?
– У хотинини мендан устун қўяди.
Бу сўзлардан кейин Расули акрам фарзандидан рози қилиш ва Алқамани дўзах азобидан сақлаб қолиш учун онанинг қалбида раҳм-шафқат қўзғатиб қўйишни хоҳлаб қолдилар.
– Эй Билол, эй Аммор! Боринглар, ўтин олиб келинглар! – дедилар.
– Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули? – сўради она.
Алқама охиратда куймаслиги учун шу дунёдаёқ ёқиб юбормоқчиман! – жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
– Боламни, жигаргўшамни кўз олдимда ёқиб юборурмисиз?..
– Ё рози бўлурсиз ёки ёқиб юборишга буюраман!
Шунда Алқаманинг онаси қалбининг тубидан дод солиб юборди:
– Эй Аллоҳ! Сени гувоҳ қиламан! Эй Аллоҳнинг ердаги Расули! Сизни гувоҳ қиламан! Шу ерда турганларнинг ҳаммасини гувоҳ қилиб айтарман – мен Алқамадан розиман!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:
– Эй Билол! Эй Аммор! Алқаманинг олдига бориб қулоқ солинглар-чи, тили имон калималарига келдимикин? Балки унинг онаси қалбидан эмас, балки тилидангина айтгандир?
Билол ва Аммор розияллоҳу анҳумо борсалар, Алқама имон калималарини равон айтаётган ва охирги нафасини олаётган экан...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, жанозасига бордилар. Қабрига ҳам бориб насиҳат қилдилар:
– Эй инсонлар! Ким хотинини онасидан устун қўйса ёки онасига ғазаб қилса, қиёмат кунигача унга Аллоҳнинг лаънати бўлур!

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидан лавҳалар” китобидан.

@Jaloliddinrumiyy