Get Mystery Box with random crypto!

Олим ва йигит Хорижий давлатда узоқ муддат таълим олиб қай | 🍃«Жалолиддин Румий»🍃

Олим ва йигит

Хорижий давлатда узоқ муддат таълим олиб қайтган йигит ўзининг диндор ота-онасидан унинг 3 та саволига жавоб бера оладиган диний олим ёки бирор мутахассис топиб беришларини сўради. Ниҳоят, ота-онаси бир мусулмон олимни топишга муваффақ бўлишди…
Йигит:
- Сиз кимсиз? Менинг саволларимга жавоб бера оласизми?
Олим:
- Мен Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таолонинг бандаларидан бириман. Иншоаллоҳ, сенинг саволларингга жавоб беришга қодирман.
Йигит:
- Ростдан-а? Кўпгина профессорлар ва мутахассислар менинг саволларимга жавоб топишдан ожиз қолган эдилар.
Олим:
- Мен Аллоҳнинг тавфиқи ила имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Йигит:
- Менинг учта саволим бор. Булар қуйидагилар:
1. Аллоҳ мавжудми? Шундай бўлса, менга Унинг шаклини кўрсатинг.
2. Тақдир нимадир?
3. Агар шайтон оловдан яратилган бўлса, нима учун охир оқибат у ўзи каби ўтдан иборат бўлган жаҳаннамга улоқтирилади? Шайтон ва жаҳаннам ўтдан яратилгани сабабли шайтон бундан заррача озор топмайди-ку! Шу ҳақда Аллоҳ ўйламаганми?
Саволлар тугар экан, олим киши бирдан рўпарасидаги йигитнинг юзига қаттиқ тарсаки тортиб юборди.
Кутилмаган зарба аламидан йигит ўзини йўқотаёзди.
- Нима учун мендан ғазабланаяпсиз?
- Мен ғазабланаётганим йўқ. Бу тарсаки сенинг уч саволингга бўлган жавобдир.
- Сизни тушунмадим.
- Менинг шапалоғимдан сўнг нимани ҳис этдинг?
- Албатта оғриқни ҳис қилдим.
- Демак, оғриқнинг борлигига ишонасан, шундайми?
- Албатта.
- У ҳолда менга оғриқнинг шаклини кўрсат-чи!
- Қандай қилиб? Бунга қодир эмасман-ку.
Шунда олим йигитчага бундай деди:
- Бу менинг биринчи жавобимдир: биз ҳаммамиз Аллоҳнинг шаклини кўришга қодир бўлолмасак-да, Унинг борлигини ҳис этамиз…
Олим сўзида давом этди:
- Ўтган кеча менинг сенга тарсаки тортишимни хаёлингга келтирганмидинг?
Йигит:
- Йўқ.
Олим:
- Қачондир мен сенга бугун тарсаки тортишим ҳақида ўйлаганмидинг?
Йигит:
- Йўқ.
Олим:
- Мана шу тақдир бўлади!
Яна олим деди:
- Сенга шапалоқ туширган қўлим нимадан яратилган?
Йигит:
- Теридан.
Олим:
- Юзинг-чи? У нимадан яратилган?
Йигит:
- У ҳам теридан яратилган.
Олим:
- Юзингга тарсаки туширганимдан сўнг нимани ҳис этдинг?
Йигит:
Оғриқни.
Шунда олим деди:
- Шайтон ва жаҳаннам ҳам оловдан яратилган бўлса-да, Аллоҳнинг хоҳиши билан жаҳаннам шайтон учун ниҳоятда азобли жой бўлади.

@Jaloliddinrumiyy