Get Mystery Box with random crypto!

ДУОНИНГ БАРАКОТИ Дуо сўзи луғатда «чақирмоқ», «талаб қилмоқ» | 🍃«Жалолиддин Румий»🍃

ДУОНИНГ БАРАКОТИ

Дуо сўзи луғатда «чақирмоқ», «талаб қилмоқ», «тарғиб қилмоқ» маъноларини билдиради.
Истилоҳда: «Банда Аллоҳ таолога муҳтожликни изҳор қилиб, Ундан ёрдам ва иноят сўрашидир».
Дуо – бандалик белгиси. Дуода Аллоҳ таолога мақтов изҳор этиш ҳамда Аллоҳ таолога сахийлик ва карам сифатларини нисбат бериш бор.
Дуо энг гўзал ва энг олий ибодатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Парвардигорингиз:» Менга дуо қилинг, Мен сизлар учун (дуоларингни) ижобат қилай!», деди» (Ғофир, 60).
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қазои-қадарни фақат дуо қайтаради, умрни фақат яхши амал зиёда қилади», дедилар (Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдаги «Қазои-қадарни фақат дуо қайтаради» жумласининг маъноси, албатта, дуо сабабли қазои-қадар ўзгаришининг ўзи ҳам қазои қадардандир. Қазои қадар банданинг дуо ва илтижолари билан мусибати кетиши ёки енгил бўлишидир. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг илми ва тақдиридир. Тақдирда нима борлиги бандага маълум эмас. Банда қорни оч қолса – овқатланишга, касал бўлса – даволанишга муҳтож бўлганидек, доим Раббисидан талабини сўраб, дуо-илтижолар қилишга муҳтож.
Аллоҳ таоло яхши амаллар умрнинг узоқ бўлишига, дуони эса балоларни даф бўлишига сабаб қилган. Уламоларимиз дуони қалқонга, балони эса камон ўқига қиёс қилганлар.
Аллоҳ таоло ўз бандасини синов учун имтиҳон қилади. Катта ва кичик неъматлар ҳам, мусибатлар ҳам имтиҳондир аслида. Банда неъматга шукр, мусибатга дуо ва илтижолар ила сабр қилса, зафар топади. Берилган неъматга ношукрлик ёки мусибат имтиҳон эканини эсдан чиқариб, «мен сенга нима ёмонлик қилдим», каби гаплар билан исён қилса, гуноҳкор бўлади.
Тақдирда бандага тушиши тайин қилинган бало ва офатлар дуо сабабли енгил бўлади ва савоб олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ ундан ғазабланади», деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Чунки банда Аллоҳдан бирор нарса сўрамас экан, у бу иши билан ўзини беҳожат санаб, такаббурлик қилган бўлади. Аллоҳ таоло Унинг фазлидан сўраганларни яхши кўради.
Аллоҳ таолодан ҳар доим баракот сўраш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги оила қурган кишиларга баракот сўрар, янги ҳилол – ойни кўрсалар, Аллоҳ таолодан бизни тинч ва баракотли қилгин, деб дуо қилар эдилар.
Мусулмон киши ўз нафсига, умрига, дунё ва охиратига, мол-давлатига ҳамма вақт хайр-баракани сўраши лозим. Шу билан бирга ота-онаси, аҳли аёли, фарзандлари ва бошқаларнинг ҳақига дуода бўлиши ҳам фазилатдир. Яшаб турган манзил‐макон, азиз юрт тинчлиги, обод ва фаровонлигини, ҳар хил бало‐ю кулфатлардан паноҳ сўраш дуо мағзидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар қачон меванинг аввалини кўрсалар, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келар эдилар. У зот мевани олиб: «Аллоҳим! Бизга меваларимизда барака бергин. Бизга Мадинамизда барака бергин. Бизга соъимизда, муддимизда (яъни савдоларимизда) барака бергин. Аллоҳим! Албатта, Иброҳим сенинг банданг, сенинг дўстинг ва сенинг набийингдир. Албатта, мен ҳам сени банданг ва набийингдирман. Албатта, у Сенга Макка учун дуо қилди. Унинг Макка учун дуо қилгани ва яна унинг мислича мен сенга Мадина учун дуо қиламан», дер эдилар. Сўнг ўзлари кўрган энг кичик болани чақириб, ўша мевани берар эдилар» (Муслим ривояти).
Бизнинг улуғ аждодларимиз бу юртнинг ҳақига кўп дуолар қилиб ўтди. Уларнинг қилган дуоларини баракотидан бугун юртимиз озод ва ҳур, обод ва тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Юртимиз ҳар томонлама тараққий этиб бормоқда.
Пировардида, биз ҳам дуога қўл очамиз: Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини янада мустаҳкам қилсин, тинчлик ва хотиржамликни бардавом айласин, ҳалқимизнинг турмуши яна-да обод бўлсин. Омин!

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

@Jaloliddinrumiyy