Get Mystery Box with random crypto!

Ўлимнинг луғатда икки хил маъноси бор: Ҳаётнинг зидди қилиб я | Jahonbahsh

Ўлимнинг луғатда икки хил маъноси бор:

Ҳаётнинг зидди қилиб яратилган вужудий сифат.
Йўқлик[1].
Ўлим икки ҳаёт – бу дунё ҳаёти ва охират абадий ҳаёти ўртасидаги кўприкдир. Дунё – охират экинзори. Демак, оқил кишининг иши охиратда ҳисоб-китоби осон бўлиб, Аллоҳнинг ризолигини топиш ва абадий жаннатга сазовор бўлиш учун бу дунёда эзгу амалларни ғанимат билишдир.

Вафот этиш – тўла маънода йўқ бўлиш дегани эмас, балки у руҳ билан тана мулоқотининг узилиши ҳамда уларнинг бир-биридан узоқда ва холи бўлиши, ҳолатнинг ўзгариши, шунингдек, бир диёрдан бошқа бир диёрга кўчишдир. Ўлим руҳнинг бадандан ажралишидир[2].

Ўлим қалбда ўчмас из қолдиради. Уни эсга олиш кўнгилни юмшатади ва Аллоҳ таолога тавба билан юзланишга чорлайди. Шу боисдан Қуръони каримда ўлим қайта-қайта зикр этилган. Ундаги оятлар кофир ва осийларни ўлим рўбарў келгандаги азоб билан қўрқитса, ўлимга ҳозирлик кўриб, амалларини у келадиган кунга тахт қилиб қўйган мўмин кишиларга қувончли хушхабар беради. Ўлимни эслатувчи оятлар Қуръони каримда жуда кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон сураси, 185-оят).

«(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсаниз, бу қочиш сизларга сира фойда бермас» (Аҳзоб сураси, 16-оят)[3].

Инсон ўлимдан омон қолмайди. Қайси жой, қайси вақт бўлмасин, ўлим уни излаб топади. Шуларни баён қилиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай дейди:

«Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур» (Нисо сураси, 78-оят).

«Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Зумар сураси, 42-оят).

Тафсирларда ёзилишига кўра, инсонда “катта ўлим» ва “кичик ўлим” бўлади. Каттаси – ажал етганда руҳнинг танадан чиқиб кетиши. Кичик ўлим – бу, уйқу. Ухлаган одам ўликка ўхшатилади. Чунки ўлик каби у ҳам бешта сезги аъзоси ва ақлдан вақтинча бўлса ҳам холи ҳисоб­ланади. Қуръони каримда “вафот” сўзининг ўзагидан олинган ва “уйқу” маъносини ифода этадиган иборалар келган.[4]

Ўлим киши бошига уйғоқлигида ҳам, уйқусида ҳам келиб қолиши мумкин. Демак, уйқу инсондан ўлимни даф қила олмайди. Умуман олганда, бирор ҳолат, вақт ва ё бирор жой, нарса йўқки, инсонни ўлимдан сақлаб, асраб қололса. Шуларни ўйлаган оқил одам ўлим ҳар лаҳ­зада келиб қолишидан ҳушёр бўлиши, эзгу амалларни бажариши, савол-жавоб қилинадиган кун келмасидан аввал ўзини ҳисоб-китобга тутиши, тарози унинг фойдаси ё зарарига тортилмасдан бурун амалларини ўлчаб кўриши лозим.

Аллоҳ таоло инсонни огоҳлантирар экан, унга бу дунё охиратдан воз кечишига арзимаслигини, чунки унинг ноз-неъматлари оз, вақти қисқа, охират эса, дои­мий қароргоҳ ва ҳақиқий маскан эканини таъкидлайди:

«Уларга айтинг: «Дунё матоси озгинадир» (Нисо сураси, 77-оят).

«Охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир» (Анкабут сураси, 64-оят)[5].

Дунёга муккасидан кетган, унинг алдовларига ишониб, шаҳватлар оғушида қолган кишининг қалби, шуб­ҳасиз, ўлимни эслаш амалидан ғофил, бу неъматдан бебаҳрадир. Бундай одам ўлимни эсга олишни ёқтир­майди, бундан қочади. Аллоҳ таоло дейди:

«Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиққувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Зотга (Аллоҳга) қай­тари­лурсиз. Бас, (У) Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!» (Жумъа сураси, 8-оят)[6].

Демак, одамлар уч хил бўлади:

– дунёга муккасидан кетганлар;

– тавба йўлига кирганлар;

– камолга етган орифлар.

Дунёга муккасидан кетган киши ўлимни эсламайди. Эслаган тақдирда ҳам дунёси қолиб кетаётганига афсус қилиб, бунга ўлим сабабчи бўляпти, деган бемаъни хаёлга боради. Ўлимни бу тарзда эслаш Аллоҳга яқинлик вужудга келишига эмас, балки Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлади.

Тавба йўлига кирган киши ўлимни кўп эслайди. Эслагани сайин қалби қўрқинчу истиғфорга, вужуди хушуъ ва хузуъга лиммо-лим тўлиб боради. Тўғри, у баъзан ўлим қўққис келиб, тавба тамомига етмай, охират озиғи ғамланмай