2020-11-12 09:30:14
КУТУБХОНА – НУРХОНА
Алишер Навоий номидаги
Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг
150 йиллигига
Ҳазрат Навоийнинг номлари сизда,
Улуғ китобларнинг томлари сизда,
Машрабнинг, Румийнинг жомлари сизда,
Кутубхоналарнинг қутлуғ онаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Бобур ҳам шу ерда, Байрон ҳам шунда,
Кўнгли бутун ёҳуд вайрон ҳам шунда,
Ўз ҳолига ўзи ҳайрон ҳам шунда,
Кезар буюкларнинг ўтли нафаси,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Эй, зиё масканим – нурхонам менинг,
Устозлар даргоҳи – пирхонам менинг,
Ёлғизим, ягонам, дурдонам менинг,
Дурлар ичинда ҳам гўзал донаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Яхши ҳам оламда эзгу хитоб бор,
Зулматни ёритар, китоб – офтоб бор,
Илмга кечикма, ҳозир, шутоб бор,
Аждодлар қолдирган ибратномаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Қодирий дардини Фитратга сўйлар,
Авлоний авлодлар ҳақида ўйлар,
Фурқат, Фузулийлар, Чўлпон, Лутфийлар,
Муқимийнинг муқим жойи, хонаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Фазодан қаралса Ер ҳам нуқтадир,
Умримиз ўтмоқда, ёш кетмоқдадир,
Бир кун Олий Ҳакам барин тўхтатир,
Шунгача илм изланг Одам боласи,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Бу ерда низо йўқ бағрикенглик зўр,
Диний, ирқий бирлик, софлик, тенглик зўр,
Келиб ўзинг ҳис эт, бориб ўзинг кўр,
Маърифат мулкининг зўр кошонаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Қанча ўксик қалбга бўлгансан малҳам,
Хаста юракка ҳам, кемтик дилга ҳам,
Бир юз эллик йил бу – қанча куч, чидам,
Муборак юз эллик ёш остонаси,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Дунё тургунича огоҳ, хушёр бўл,
Маърифат аҳлининг бахтига бор бўл,
Олам карвонига ўзинг сардор бўл,
Миллат келажагин қутубхонаси –
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.
Жўрабек ЖАҲОН
Telegram
| Facebook
| Instagram
1.2K viewsedited 06:30