Get Mystery Box with random crypto!

Шайтон таҳажжудга уйғотган саҳобий Ҳакимул умма Таҳонавий раҳ | 𝙄𝙮𝙢𝙤𝙣 𝙌𝙖𝙨𝙧𝙡𝙖𝙧𝙞

Шайтон таҳажжудга уйғотган саҳобий

Ҳакимул умма Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ Муовия розияллоҳу анҳунинг қуйидаги воқеасини нақл қилади: “Муовия розияллоҳу анҳу ҳар куни таҳажжуд намозини ўқир эди. Бир кун таҳажжуд намозига туришга куч топа олмадилар ва ҳатто кўзларини ҳам оча олмадилар. Натижада, таҳажжуд намозининг вақти чиқиб кетди. У ҳаёти давомида таҳажжуд намозини асло тарк қилмаган эди. Шу сабабли ўта ғамгин, пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога ҳокисорлик билан юзланиб, то эрталабгача таҳажжуд намозини ўқимаганига афсус қилиб, йиғлаб чиқди. Эртаси кун, Муовия розияллоҳу анҳу ухлаб ётганларида, кимдир тур, таҳажжуд намози вақти бўлди деб, уйғотди. У яна такроран ўта саросимада, бесармжонлик билан: “Таҳажжуд намози ўтиб кетяпти, таҳажжуд намозига тур”, деб Муовия розияллоҳу анҳуни уйғотди.
Муовия розияллоҳу анҳу ўринидан туриб, ундан сўради: “Сен кимсан? Бу ерга нимага келдинг?”
У: “Мен Иблисман” деди.
Муовия розияллоҳу анҳу ундан: “Ахир сенинг вазифанг инсонларни ибодатдан тўсиб, уларни ҳаром, гуноҳ ишларга мубтало қилиш эмасми? Сени таҳажжуд намози билан нима ишинг бор? Нима сабабдан мени таҳажжуд намозига уйғотаяпсан?” деб сўради.
Шайтон унга: “Қўй, шу ҳақда гаплашмайлик, ўзи кўнглим сиқилиб, бўларим бўлиб турибман. Ундан кўра, туриб таҳажжуд намозингни ўқи” деб жавоб берди.
Муовия розияллоҳу анҳу: “Нима сабабдан таҳажжуд ибодатига мени уйғотаётганингни айтасан, шундан сўнг туриб, намозимни ўқийман” деб сўзида қаттъий туриб олди.
Шайтон: “Асл гап шундай, кеча сени ғафлатга солиб, таҳажжуд ибодатини ўқимай ўтказишингга сабабчи бўлган эдим. Сен эса, таҳажжуд намозини ўқимаганингга ўта пушаймон бўлиб, эрталабгача йиғлаб чиқдинг. Бу йиғинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мартабанг кўтарилишига сабаб бўлди. Янада даражанг баландламаслиги учун бугун таҳажжуд намозига сени уйғотгани ўзим келдим” деди.
Бу расвони ишига қаранг, уни инсониятга нисбатан адоватига эътибор қилинг! У Муовия розияллоҳу анҳунинг мартабаси Аллоҳ таоло ҳузурида янада кўтарилишидан қўрқиб, таҳажжуд ибодатига ўзи уйғотмоқда. Уни инсониятни оздириш йўлидаги саъй-ҳаракатига қаранг! Шунчалар ҳам пасткашлик бўладими?!
Аллоҳ таоло бу ривоятни барчамизга тўғри тушунишни насиб қилсин. Бу ривоятдаги таҳажжуд намозини ўқимай ўтказиб юбориш, қасддан бўлмаган, балки хато ва унитиб қўйиш сабабли бўлгани учун Муовия розияллоҳу анҳу унга ўта қаттиқ пушаймон қилдилар. Натижада, унинг мартабаси Аллоҳ таоло ҳузурида кўтарилди. Инсоният ким бўлишидан қатъий назар башардир. У билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. У бу ҳолатдан тушкунликга тушмай Аллоҳ таолога ялиниб ёлвориб, пушаймонлигини изҳор қилиб, йиғлаб мағфират сўраса, Аллoҳ таоло албатта у бандани мағфират қилиб, ҳузурида мартабасини кўтариб қўяди.
(Ашраф Али Таҳонавий)

•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•