Get Mystery Box with random crypto!

АРОСАТ... -Сиз озарбайжонлимисиз?... Бу саволни икки кун авва | 𝙄𝙮𝙢𝙤𝙣 𝙌𝙖𝙨𝙧𝙡𝙖𝙧𝙞

АРОСАТ...

-Сиз озарбайжонлимисиз?...
Бу саволни икки кун аввал нотаниш аёл берди.
Ён тарафимдан тургани учун у тарафга сал қарадим, ёшроқ аёл шекилли…
Кайфиятсизроқ эдим, “йўқ” ишораси билан жавоб бериб, яна ҳаёл суришга “шўнғиб” кетдим.
-Сиз амакимга жуда ўхшар экансиз…
Бу нотаниш аёлнинг у тарафга умуман эътибор қилмасам ҳам менга ўз-ўзидан гапираверяпгани ғайри-табиий туюлди.
-Отам озари, мусулмон, онам тожик, католик насроний. Рус эмасман, ўзимни тожик деб ҳисоблайману-у, лекин ота томонимдан озариман…
Талаффузида умуман акцентсиз гапираётган нотаниш мени ҳушёр торттира бошлади.
“Ким бу? Нега менга гапиряпти? Мақсади нима? Товламачимикин? Эҳтимол нарироқда шериклари ҳам бордир? Бирор иш уюштиришяптимикин?”
-Мен болалигимдан шарқ мусиқаларини тинглайман. Онам доим таъқиқлаб келган. Кўпинча яшириб эшитишимга тўғри келган…
Менинг ҳаёлим чувалашиб, қандай қутулишни излай бошладим.
-Мен сезиб турибман, сизни ноқулай аҳволга солдим, узр сўрайман. Бир илтимосим бор, дўконга кириб чиққунимга қадар сумкамга қараб турсангиз!?
Шундагина бу аёлни мақсадларини чамалай бошладим, “демак шантаж қилмоқчи, сумкасини қўяди-да, қайтиб чиқиб нимасидир йўқолганидан жанжал бошланади”.
-Кечирасиз, вақтим йўқ, шошиб турибман.
-Сиз кетиб қолмайсиз, мен сизга ишонаман-дедида, сумкасини оғзи ярим-чала очиқ ҳолатда ташлаганча, шошиб дўконга кириб кетди.
“Энди тамом, кетсам ҳам, кетмасам ҳам, нимадир ишга аралашиб қолдим”.
Қандай йўл тутишни билмасдим, кетсам, менга омонат деб ишониб кетди. Кетмасам, бу ерда қандайдир бир иш бор.
Беш дақиқалар ўтар-ўтмас қайтиб чиқди.
-Билардим қаровсиз ташлаб кетмаслигингизни. Сизга бир саволим бор эди. Сиз ҳеч ножўя қадам ташлаганмисиз?
“Бўлди! Энди билдим кимлигини, тезроқ вақт борлигида қочиш керак!”
Кетиш тараддудига тушиб қолдим.
-Сиз саволимга жавоб бермадингиз!?
-Аллоҳ сақласин!-дедиму, ўрнимдан қўзғалдим.

Сиз муҳтарам ўқувчим шу ергача дилингиздан нималар ўтганини маҳкам тутиб туринг. Ўйлагандирсиз, “шунча гап бўлибди-ю, кетиб юбормабдилар” деб. Ёмон аёл, ўғри, қаллоб, муттаҳам… Таҳминларингиз турлидир мен каби…

-Тўхтанг!
Шу ерда йўналиш бутунлай ўзгарди.

– Мен насронийча тарбия топдим, катта бўлдим, мутлақ динсиз одамга турмушга узатилдим, урф-одатларим насронийча, аммо, ичимда ислом қайнайди, ундан роҳат топгиси келади, мен ҳатто умрим бино бўлиб бирор марта очиқ-сочиқ ҳам кийинмаганман…
Шундан кейингина аёл тарафга қарадим, боши яланг, очиқ бўлсада, ҳақиқатда шарқона либослар каби кенг, енглари узун кўйлакда эди.
-Мусулмонларни кўрсам, кўзларида меҳр кўринади, тарбияли, шарқ иси келиб туради. Мен ҳам мусулмон одамга турмушга чиқишни, менга ўргатишини, “эр” бўлиб ҳаёт муаммоларини зиммасига олишини ҳоҳлайман. Мен сизлардай мусулмонларни ҳавас қиламан, Сиздай эркакларни Аллоҳ кўпайтирсин-деди-да, бурилиб кетди. Охирги гапини яхши тушунолмай қолдим, “бизнинг бу юришимизга сизлар жавоб берасиз” дегандай бўлди шекилли…
Мен у аёлни аросатда қолибди деб ўйладим. Аммо у-ми, ё бизми аросатда, билмадим…

Салим АЙЮБИЙ