Get Mystery Box with random crypto!

​​​​РАСУЛУЛЛОҲ КЕЛСАЛАР КИМНИ ОЛИБ КЕТАРДИЛАР?! Бугун Хуфтон | IYMON

​​​​РАСУЛУЛЛОҲ КЕЛСАЛАР КИМНИ ОЛИБ КЕТАРДИЛАР?!

Бугун Хуфтон намозида бир нарсани ўйладим: қанийди ҳозир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб келсалар. Сафларни ёриб ўтиб тўғри меҳроб томон юрсаларда, сўнгра имомликка ўтсалар.

Бир ўйлаб кўринг-а, Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан эшитмоқдасиз. Қуръонни фаришталарнинг улуғидан қабул қилган зотдан эшитмоқдасиз. Ривоятларда келишича, Довуд алайҳиссалом Забурни тиловат қилганларида у кишининг гўзал овозларидан осмонда учаётган қушлар тўхтаб қолишар экан. Энди бир ўйлаб кўринг, сиз Қуръони Каримни Меърож кечасида жамики пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиб берган зотдан эшитмоқдасиз...

Қанийди ҳозир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб елкамга қўлларини қўйсалар. Мени қўлимдан тутиб ўзларининг асри саодатларига, йўқ-йўқ, жаннатдаги манзилларига олиб кетсалар...

Ҳаёллар оғушида намоз тугаганини ҳам билмай қолибман. Имом “Ассаламу ъалайкум ва раҳматуллоҳ”, деб ўнг томонга салом берди. Мен ҳам имомга эргашиб салом бердим. Қаршимда улкан жамоат турар эди. Уларнинг орасида олимлар, қорилар, аҳли илмлар, ёши улуғлар, Қуръон таъсиридан кўзи намланганлар бор. Тақвода, одобда, илмда мендан пешқадамлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб кетиш учун бу жамоатдан келиб-келиб мени танлайдиларми?! Ваҳоланки, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мендан кўра қаттиқроқ яхши кўрадиганлар қанча! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асри саодатларига кимнидир олиб кетадиган бўлсалар ана ўшалардан бирини олиб кетмайдиларми?! Мен намозимни хушуъсиз, Қуръон тадаббурисиз, минг ҳаёллар билан ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жамоатдан келиб-келиб мени олиб кетадиларми?!

Ҳар бир мусулмон бугун ўзига-ўзи шундай саволни берсин: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонимизга келиб ушбу уммат ичидан биттагина инсонни ўзлари билан жаннатдаги манзилларига олиб кетадиган бўлсалар, ўша инсон мен бўла оламанми? Бу уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига энг кўп эргашаётган инсон мен бўла оламанми? Ушбу замонда хулқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқларига энг кўп ўхшайдиган инсон мен бўла оламанми?”

Бу дунёда Расулуллоҳга муҳаббат қўймай туриб, охиратдаги ул зотнинг шафоатларини орзу қилманг. Абу Бакр, Умарлар йўқ замонда Расулуллоҳни ҳаммадан кўра қаттиқроқ яхши кўра олмасангиз, унда Абу Бакр, Умарлар бор кунда Расулуллоҳнинг ҳузурларида нима қиласиз?!

Аллоҳим, бу умматдаги ҳар бир инсонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг муҳаббатлилардан қилгин!


Интернет сарҳадларидан

@Iymon