Get Mystery Box with random crypto!

ҲАРОМДАН ПУЛ ТОПГАН КИШИ БИЛАН ШЕРИК БЎЛИШ МУМКИНМИ? САВОЛ: Қ | Ислом молияси | Islom moliyasi

ҲАРОМДАН ПУЛ ТОПГАН КИШИ БИЛАН ШЕРИК БЎЛИШ МУМКИНМИ?

САВОЛ: Қимор ўйнайдиган одам билан савдода шерикман. Унинг гуноҳи менга ҳам гуноҳ бўлиб ёзиладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Саволингизнинг жавоби бироз тафсилотга эга. Агар тижоратдаги шеригингизнинг топган барча моли қимор ёки судхўрлик каби ҳаромдан топилгани аниқ бўлса, у билан иқтисодий муомалотларда шерикчилик қилмаслигингиз керак бўлади.

Агар шеригингизнинг ҳаромдан ҳам, ҳалолдан ҳам топган пули бўлсаю, даромадининг кўп қисми ҳалол томонидан бўлса, у билан шерикчилик қилишга кўпчилик уламолар рухсат беришган. Лекин у билан муомала қилиш ҳаром бўлмасада, макруҳ бўлиши таъкидланган. Ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Аллома Ҳамавий айтадилар:

معاملة من أكثر ماله حرام ولم يتحقق المأخوذ من ماله عين الحرام فلا تحرم مبايعته؛ لإمكان الحلال وعدم التحريم، ولكن يكره خوفًا من الوقوع في الحرام، كذا في "فتح القدير"

яъни: “Топган молининг аксари ҳаром бўлган, молидан олинган қисми айнан ҳаромдан экани маълум бўлмаган киши билан муомала қилиш ҳаром бўлмайди. Чунки унинг (сарфлаган моли) ҳаромдан эмас, ҳалолдан бўлиши эҳтимоли бор. Лекин ҳаромга тушиб қолиш хавфи борлиги учун макруҳ бўлади. “Фатҳул-Қодир”да ҳам шундай” (“Ғомзу уюнил басоир” китоби, 1-жуз, 192-бет)

Агар шеригингизнинг ҳалол ва ҳаром маблағи аралаш бўлиб, қайси томони устун экани маълум бўлмаса, бунда ҳам у билан шерикчиликни давом эттиришингиз жоиз бўлмайди. Чунки бунда шубҳа бор. Агар қаттиқ ҳожат бўлмаса, ундан сақланишингиз тавсия этилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида:

إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ، وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ

“Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап” деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати. @diniysavollar