Get Mystery Box with random crypto!

#Бизнесда_Закот Мажбуриятлар Корхона-ташкилотлар бухгалтерия | Ислом молияси | Islom moliyasi

#Бизнесда_Закот

Мажбуриятлар

Корхона-ташкилотлар бухгалтерия балансининг иккинчи — Пассивлар қисмида Мажбуриятлар бўлими мавжуд бўлиб, мазкур бўлим яна икки қисмга: жорий мажбуриятлар ва узоқ муддатли мажбуриятларга бўлинади.

Жорий мажбуриятлар — бу бир йил ичида тўланиши керак бўлган қарз мажбуриятларини ўз ичига олган бўлиб, унинг таркибига мол етказиб берувчилардан қарзлар, солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўланиши керак бўлган қисми, таъсисчилардан қарзлар, меҳнатга ҳақ тўлашга оид қарзлар, қисқа муддатли банк кредитлари, қисқа муддатли қарзлар, узоқ муддатли мажбуриятларнинг жорий қисми (яъни айни пайтдаги қарздорлик) кабилар киради.

Узоқ муддатли мажбуриятлар — мол етказиб берувчиларга узоқ муддатли қарзлар, узоқ муддатли банк кредитлари, узоқ муддатли қарзлар ва бошқа узоқ муддатли кредиторлик қарзлари киради.

Энди эса узоқ муддатли ва жорий мажбуриятларнинг Закот ҳисоб-китобидаги таҳлилини кўриб чиқамиз.

Агар корхона қарздорлиги закоти тўланадиган жорий активлар ҳисобидан юзага келган бўлса, у ҳолда бу сумма жами закот базасидан чегириб ташланиши керак бўлади.

Агар қарздорлик закот тўланмайдиган асосий восита сотиб олиш натижасида пайда бўлган бўлса, бу сумма закот базасидан чегирилмайди.

Масалан, корхона 1000 сўмга хомашёни насияга сотиб олган эди, закот ҳисоб-китоб қилинаётган вақтда мазкур 1000 сўм жами закот базасидан айрилиши керак. Лекин 5000 сўмга ускуна сотиб олинган бўлса ва унинг 3000 сўми ҳали тўланмаган бўлса, бу 3000 сўм закот базасидан чегириб ташланмайди, чунки ускуна закот бериладиган активларга кирмайди (албатта, сотиш ниятида олинган ҳолат бундан мустасно).

Борди-ю корхонанинг кредиторлик қарзлари жуда кўп бўлиб, унинг қанча қисми закоти тўланадиган активлар учун олингани, қанчаси эса закоти тўланмайдиган активлар учун олинганини билиш жуда машаққат туғдирадиган бўлса, у ҳолда AAOIFI тавсиясига кўра, закоти тўланадиган активларнинг жами активларга нисбати аниқланади ва жами қарздорлик суммасидан ўшанча қисми закот базасидан айрилади. Айтайлик, закоти тўланадиган активларнинг корхона жами активларидаги улуши 40% га тенг бўлса, жами қарзларнинг 40%и закот базасидан чегириб ташланади.

Агар корхона томонидан қарздорлик шариат тақиқлаган амалиётлардан, масалан, фоиз асосида қарз олиш натижасида келиб чиққан бўлса, тўланиши керак бўлган фоизлар закот базасидан чегириб қолиниши мумкин эмас (Айтайлик, А шахснинг жами закоти тўланадиган бойликлари 1000 сўм бўлса, шунингдек 120 сўм кредити ҳам бор бўлиб, шундан 100 сўми кредитнинг тани, 20 сўм эса фоиз тўлови бўлса, 1000 сўмлик закот базасидан фақатгина 100 сўмни чегириш мумкин).

Ҳисобланган харажатлар — закот ҳисоб-китоб қилинаётган кунгача қилинган, лекин ҳали тўланмаган харажатлар. Бундай харажатларга бино-офиснинг тўланмаган ижара харажатлари, тўланмаган коммунал тўловлар, шунингдек ҳисобланган, лекин ҳали тўланмаган иш ҳақлари кабилар мисол бўла олади. Мазкур харажатлар ҳам закот базасидан чегириб ташланади. Лекин ҳали фойдаланилмаган хизматлар учун келажакда тўланиши керак бўлган маблағлар, масалан, апрел ойида закот ҳисоблаётган корхона май ёки июн ойлари учун иш ҳақлари, ижара тўловлари, коммунал тўловларни закот базасидан айириб қолиниши мумкин эмас.

Тўланмаган солиқлар. Закот ҳисоб-китоби амалга оширилаётган давргача бўлган муддат учун тўланмаган солиқлар ҳам закот базасидан чегириб қолиниши мумкин.


Манба: AAOIFI "Шаръий меъёрлари" асосида тайёрланди

@IslomMoliyasi канали