Get Mystery Box with random crypto!

Эримни мен олган уйда ҳаққи борми? Эрим билан мен 7 йил чет эл | Ислом молияси | Islom moliyasi

Эримни мен олган уйда ҳаққи борми?
Эрим билан мен 7 йил чет элда ишлаб келдик, аввалги 4 йил мобайнида бирга топган пулимизга Ўзбекистондан уй олдик, лекин у уйни эрим турмушдан ажраган опасини номига берди, бунга рози бўлдим ва кейин ўзим ишлаш давомида пул йиғиб ўзимиз учун ўзимни номимга уй сотиб олдим, энди эса эрим ва унинг оиласи бу уйни сотиб пулини уларга беришимни сўрашяпти, лекин у уйни болаларимизни келажаги учун ва ўзимни шахсий мулким сифатида олганман, деб бермадим. Ўзи шу ҳолатда эрим ва унинг оиласи бу уйни сўрашга ҳаққи борми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Уларни сизнинг уйингизни сўрашга ҳаққи йўқ. Сиз эрдан уй сўраш ҳаққига эгасиз. Бу уй меники, бирга туришимизга сиз уй топишингиз керак, шариат бўйича деб айтинг.

Ислом молияси изоҳи: аёл кишининг маҳр, мерос, ўз яқинларидан ҳадя, ҳамда шариат рухсат берган жойларда касб-кор қилиш орқали орттирган мол-мулки унинг шахсий мулки ҳисобланади, агар у ўз ихтиёри билан оиласига шу мулкни берса / сарф қилса уни олиш мумкин, лекин уни бу нарсага мажбур қилинмайди. Аёл кишини ўз мулки бўлса, ундан ўзи закот тўлайди, шариат белгилаган доирада васият, ҳадя ва садақа қилиши мумкин, ундан кейин қолган мол-мулк унинг меросхўрлари орасида тақсим қилинади ваҳоказо.. Оналаримиз, яъни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам ўзлари мехнат қилиб топган пулларидан садақалар қилишган. Умуман олганда эса, оилада ишлар бил-маъруф, яъни адолат ва яхшилик билан хал қилиниши хайр-баракага сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.