Get Mystery Box with random crypto!

Савдо-сотиққа оид очиқ саволнинг жавоби: Савдонинг асосий шар | Ислом молияси | Islom moliyasi

Савдо-сотиққа оид очиқ саволнинг жавоби:

Савдонинг асосий шартларидан бири — бу битим тузилган вақтда унинг тўлиқ ва тугалланган бўлишидир. Тарафлардан бири ёки иккисининг ўртасида қандайдир ишончсизлик бўлса ёки маҳсулотнинг сифатига нисбатан шубҳа бўлса, шариат тарафларга битимни бузиш ихтиёрини беради*. Яъни саволдаги ҳолатда агар иккала томон ҳам автомашина олди-сотди қилинаётган вақтда 3 кун ичида келишувни бузиш мумкинлиги ҳақида шартлашиб олган бўлсалар, бу амалиётни иккинчи томонни огоҳлантирган ҳолда, қилиш мумкин. Шариатда бундай ихтиёр “хияру шарт” дейилади. Ҳанафий мазҳабига кўра хияру шарт 3 кундан кўп бўлмаслиги ва савдо вақтида шарт қилиб қўйилиши керак. Агар хияр шарти қўйилган бўлиб, бироқ 3 кун ичида савдони бузиш истаги билдирилмаган бўлса, савдо тугал ҳисобланади. Демак, юқоридаги вазиятда ҳам ихтиёр шарти қўйилмаган бўлса, Абдуллоҳ савдо бузилишига рози бўлишга ва пулни қайтаришга мажбур эмас.

Шу билан бирга, саволда келган масаланинг яна бир ечими мавжуд. Шариатда савдо тарафларининг ҳақларида битимни бузишга “иқола” дейилади. Бунда сотувчи ва харидор савдо тамом бўлганидан кейин уни бузишга келишадилар. Иқола савдода иштирок этувчилардан бири “Мен савдони буздим”, дейиши ва иккинчисининг “Рози бўлдим” дейиши билан бўлади. Иқоланинг ҳукми мандуб амал. Унга далил қуйидаги ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини (хатосини) кечиради”, дедилар. Имом Абу давуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Демак, Юсуф сотиб олинган автомашинани топшириб, пулини қайтариб олмоқчи бўлса ва савдода хияр шарти қўйилмаган бўлса ҳам, Абдуллоҳ савоб умидида молни олиб, пулни қайтариб бериши мумкин.
————————————
*бу ерда сотиб олинган молни айби туфайли қайтариш масаласи кўрилаётгани йўқ, чунки бу бошқа мавзу.

@IslomMoliyasi канали