Get Mystery Box with random crypto!

Ассалому алайкум ҳурматли саҳифамиз аъзолари! Омонатга доир са | Ислом молияси | Islom moliyasi

Ассалому алайкум ҳурматли саҳифамиз аъзолари!
Омонатга доир савол-жавоб катта қизиқишга сабаб бўлганлиги учун, ушбу масалага алоқадор қуйидаги савол-жавоблар ва улардан олинган хулосаларни ҳам эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

Савол №1
Ҳаром нарса омонат бўла оладими?
Ҳаром нарса омонат бўла оладими? Мисол учун бир куни менинг машинамда бир одамнинг бир қути сигарети колиб кетди, мен уни ташлаб юбордим. Бу омонатга хиёнат хисобланадими. Бу ишим тўғри бўлдими ёки мен бошқачароқ ҳаракат қилишим керакмиди? Жавоб учун катта рахмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Йўқ, омонат ҳисобланмайди. Ҳаром нарса мусулмонга мулк бўлмайди. Сиз тўғри қилгансиз.


Савол №2
Омонат
Ҳурматли Хазрат! Шундай ҳолат рўй берди: Бир мусулмон кишининг ёнига Европадан (мусулмон бўлмаган) меҳмони келди. Меҳмон ташрифнинг сўнгида у кишидан илтимос қилиб, бир ҳадяни бу ердаги бошқа таниган одамига (у ҳам мусулмон эмас) бериб қўйишни ва бу ҳадя алкогол ичимлик эканлигини айтиб ҳам қўйди. Мезбон киши андиша қилиб, бундай ҳадяни бировга ўртада бўлиб ҳам бера олмаслигини тушунтира олмай қолди ва меҳмон ўз ватанига қайтиб кетди. Бу киши чуқур ўйлади ва бундай ҳадяни бериш ҳам ҳаромлигини фикрлаб бу шишани очиб қувурга бўшатди ва бу нарсани айтилган эгасига бермади. Бундай қилаётганда ниятида фақат бир фикр бор эди, у ҳам бўлса ҳаромни тарқатишда ўртада бўлмаслик ва ҳаромга шерик бўлмаслик.
Энди савол: бу ҳолатда бу киши қанчалик тўғри ёки хато қилган бўлади? У омонатга ҳиёнат қилдими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Уни олмай, узр айтиши керак эди.

Манба: https://savollar.islom.uz/

Ислом молияси изоҳ ва хулосалари:
Юқоридаги икки савол-жавобдан қуйидаги ҳулосаларни чиқариш мумкин экан:
1. Ҳаром нарса мусулмонга мулк бўла олмас экан;
2. Ҳаром нарса мусулмонга мулк бўлмаганидан кейин бундай нарсаларнинг олди-сотдиси ҳам, уларни гаровга олиш/бериш ҳам, омонат сифатида тақдим қилиш ва қабул қилиб олиш ҳам, сақлаш ҳам, ундан даромад олиш ҳам ҳаром бўлар экан;
3. Нафақат мусулмон, балки ғайридин илтимос қилса ҳам ҳаром нарсани омонат сифатида қабул қилиб олиш, уни сақлаш, бошқа бировга етказиш ҳам ҳаром бўлар экан;
4. Мусулмон одам ҳалол-ҳаром масаласида қатъиятли бўлиши, истиҳола/андиша/ҳижолат баҳонасида ҳаромга аралашиб қолиши нотўғри экан;
5. Ҳалол ва ҳаромни ажратиб олишга ҳаракат қилиши, бу борада билимга эга бўлишга ҳаракат қилиши лозим экан (Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги машҳур ҳадисни ҳар бир мусулмон билиши керак:
“Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди...”.
Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилишган.)