Get Mystery Box with random crypto!

Омонат бўйича қўйилган очиқ саволнинг жавоби: Вадийъа сўзи лу | Ислом молияси | Islom moliyasi

Омонат бўйича қўйилган очиқ саволнинг жавоби:

Вадийъа сўзи луғатда “тарк қилиш”, “қолдириш” деган маъноларни билдиради. Шаръий истилоҳда эса: У сақлаш учун қолдирилган омонатдир.
Омонатнинг рукни таклиф ва қабулдир. Омонатни олган кишининг айбисиз вадийъа ҳалокатга учраса, тўлаб бермайди. Омонатнинг эгаси қайтаришни сўраганда топширишга қодир бўлатуриб ушлаб қолса, инкор қилса, ўзининг молига ажратиб бўлмайдиган қилиб аралаштириб юборса, тажовузкорлик қилиб уни кийиб ёки миниб олса, омонатни сақлаши лозим бўлган жойдан бошқа жойда сақласа ёки ўлими олдидан вадийъа ҳақида айтмай кетса, омонат мислий (яъни бозорда ўхшашини бемалол топса бўладиган қум, цемент, шакар каби) нарса бўлса мисли, қиймат билан ўлчанадиган нарса бўлса қиймати тўлаб берилади. Агар вадийъани олган киши уни сақлаш ўрнига омонат эгасининг ҳақига тажовуз қилиб, уни кийиб ёки миниб ёки бошқа йўл билан фойдаланса-ю, кейин қайтариб жойига қўйган бўлса, тўлаб бериш масъулиятидан озод бўлади (яъни бировни мулки уни бўйнида қолмайди). Аммо унга бирон шикаст етказса зарарни қоплайди.
Шу билан бирга, омонатни қабул қилган шахс уни ишлатиб юбориб уни ўрнига бошқасини қайта жойига қўйиши мумкин эмас. Бироқ омонат эгасининг рухсати билан ишлатиши мумкин. Бу ҳолда омонат зиммадаги қарзга айланади.
Шуни ёдда сақлаш керакки, омонат бировнинг ҳаққи бўлиб унга хиёнат қилиш (шу жумладан эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланиб туриш ҳам) оғир гуноҳдир.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур” (Нисо сураси, 58-оят).

Манба: Мухтасарул виқоя ва Мухтасару Таҳанавий китоблари.