Get Mystery Box with random crypto!

УЙИНГ ОСТОНАСИНИ ЎЗГАРТИР! Иброҳим алайҳис салом Аллоҳнинг бу | Islomiy Statuslar | Rasmiy️

УЙИНГ ОСТОНАСИНИ ЎЗГАРТИР!

Иброҳим алайҳис салом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур “Замзам” ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло она-бола зерикмаслиги учун улар томон Журҳум қабиласини жўнатди. Исмоил алайҳис салом улар орасида униб ўсди. Улардан араб тилини ўрганди. Сўнгра уларнинг қизига уйланди.

Сўнгра Ҳожар онамиз вафот қилди. Бир қанча вақт ўтиб Иброҳим алайҳис салом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келди. У киши келганида Исмоил алайҳис салом уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳис салом келинидан Исмоил алайҳис саломнинг қаерга кетгани ҳақида сўради. Келини эри тирикчилик учун кетганини айтди. Иброҳим алайҳис салом уларнинг аҳволи, тирикчилиги ҳақида сўради. Аёл шикоят қилди: “Ниҳоятда аҳволимиз ёмон. Доимо қийинчилик ва тангликдамиз!”.

Аёл Иброҳим алайҳис саломни танимасдан у кишига турмушдан нолиб анча шикоят қилди. Шунда Иброҳим алайҳис салом: “Эринг келса мендан унга салом айт. Унга айтгин, уйининг остонасини алмаштирсин!”, деди.

Исмоил алайҳис салом келиб нимадир содир бўлганини билди. Хотинидан сўради:
-Бирор киши келдими?
-Ҳа! Бир чол келди. Сиз ҳақингизда сўради. Мен хабар бердим. Яшашимиз ҳақида сўради. Мен унга фақирлигимиз ва қийналаётганимиз ҳақида гапирдим!
-У сенга бирор нарса дедими?
-Ҳа! Сизга салом айтишимни айтди. Уйингиз остонасини алмаштирар экансиз!
Исмоил алайҳис салом деди:
-У киши отам эди. Менга сени талоқ қилишимни амр қилибди. Уйингга боравер!

Иброҳим алайҳис салом келинининг обрўсини айбламаяпти, Аллоҳ сақласин! Қолаверса Набийлар хонадони куфрдан холий бўлмасада, бунақа нарсалардан холий. Қуръони каримда хабари келган Нуҳ ва Лут алайҳис саломларнинг хотинлари  ақидага хиёнат қилишган, тўшакда эмас!

Иброҳим алайҳис салом келинининг нолишини, шикоятини, норозилигини айб санади. Доимо шикоят қиладиган, ризқ ишидан нолийдиган хотин балойи азимдир! Эркаклар ҳам шунақа!

Исмоил алайҳис салом хотинининг “тирикчилик учун кетган” деган гапига қараганда рўзғорни ташлаб қўймаган. Аммо хотинининг бошқаларнинг қўлидаги нарсаларга боқиши ўзларидаги нарсаларни кўра олмаслигига сабаб бўлган. Бу нарса ношукрликка олиб борган. Шунинг учун Иброҳим алайҳис салом ўғлига хотинини талоқ қилишини амр қилди!
Худди шунингдек, Умар розиёллоҳу анҳу ҳам ўғлини хотинига талоқ қилишини айтган эди. Ўғли бўйсунган эди.

Бир киши имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб отаси ундан хотинини талоқ қилишини талаб қилаётганини айтди.  Имом Аҳмад ундан сўради:
-Унда дини туфайли бирор-бир айб кўрасанми?
-Йўқ!
-Унда уни талоқ қилма!
-Иброҳим алайҳис салом ва Умар розиёллоҳу анҳу ўғилларига хотинини талоқ қилишини айтганда улар талоқ қилишган экан-ку!
-Агар сенинг отанг ҳам Иброҳим алайҳис салом ва Умар розиёллоҳу анҳудек бўлса талоқ қиласан!

Гапнинг хулосаси шуки, агар хотин солиҳа бўлса, диёнатли бўлса ўғил уни талоқ қилишга мажбур эмас. Уйларнинг хароб бўлиши учун ота-онага итоат қилиш ва солиҳа хотиндан жудо бўлиш ота-онага яхшилик қилишга кирмайди. Аммо ота-онангиз хотинингизни ёқтиришмасада, уларга яхшилик қилишда давом этасиз!

Бу дунё синов дунёсидир. Ризқ ҳам дунёдаги Аллоҳнинг синовларидан биридир. Биз эркаклар ва аёллар Аллоҳга нисбатан одоб чегарсини сақлашимиз лозим. Ризқнинг сабабларини, меҳнат қилишни тарк қилмаганимиз ҳолда қадарга рози бўлишимиз лозим. Аллоҳнинг қисматига рози бўлиши бойликдир. Норозилик эса фақирликдир. Ота-оналар ҳам Аллоҳдан қўрқиб, фарзандларининг оиласини барбод қилмасликлари керак
!

𝒀𝒂𝒙𝒔𝒉𝒊𝒍𝒊𝒌 𝒖𝒄𝒉𝒖𝒏 𝒚𝒂𝒒𝒊𝒏𝒍𝒂𝒓𝒊𝒏𝒈𝒊𝒛𝒈𝒂 𝒉𝒂𝒎 𝒖𝒍𝒂𝒔𝒉𝒊𝒏𝒈

@Islomiy_Statuslar