Get Mystery Box with random crypto!

#СаволЖавоб Рўзани бузадиган ишлар Савол: Рўзани бузадиган и | ISLOM

#СаволЖавоб

Рўзани бузадиган ишлар

Савол:
Рўзани бузадиган ишлар қайсилар?

Жавоб:
Айрим ишлар борки, уларни қилиш билан кишининг рўзаси бузилади. Мусулмон киши улардан сақланиши ва эҳтиёт бўлиши учун уларни билиб олиши лозимдир. Улар қуйидагилар:

1) Жимо (жинсий алоқа). Жимо қилган кишининг рўзаси бузилади ва шу куннинг қазосини тутиши, қазо билан бирга каффорат ҳам бериши лозим бўлади. Каффорат – бир қул озод қилишдир. Агар қул бўлмаса ёки шу миқдорда пули бўлмаса, икки ой узлуксиз рўза тутади. Агар бирон шаръий узр сабабли бунга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом бериши лозим. Ҳар бир мискинга шу диёрда истеъмол қилинадиган таомдан ярим соъ миқдорида беради.

2) Бўса олиш, қучоқлаш, жинсий олатини қўл билан жунбушга келтириш ёки шаҳват билан боқиш каби ишлар сабабли маний (уруғ суви) чиқариш. Бундай қилган кишининг рўзаси бузилиб, ўша кунги рўзанинг қазоси лозим бўлади, каффорат лозим бўлмайди. Чунки каффорат фақат жимога хосдир. Уйқуда эҳтилом бўлиб маний чиқарган бўлса, рўзасига зарар етмайди. Чунки бу унинг ихтиёрисиз юз берган бўлади. Бироқ жунубликдан ғусл қилиши вожиб бўлади.

3) Қасддан еб-ичиш. Аммо ким эсида йўқ еб-ичган бўлса, бу унинг рўзасига таъсир кўрсатмайди.

Қуйидаглар ҳам рўзани бузади:

- Бурун орқали сув ёки бошқа бирон нарсанинг қоринга ўтиши, буни “бурнаки” деб ҳам атайдилар.

- Томир орқали баданга озиқлантирувчи модда юбориш, рўзадорга қон қуйиш ҳам рўзани бузади, чунки бу билан бадан озиқланади.

- Озиқлантирувчи укол олиш ҳам таом ўрнига ўтади ва рўзани бузади. Рўзадор киши рўзасини эҳтиёт қилиб, озиқлантирувчи бўлмаган уколлардан ҳам имкон қадар сақланса ва кечқурунгача кечиктирса яхши бўлади.

- Қусиш, яъни ошқозонидаги нарсани оғиз орқали қасддан чиқариш ҳам рўзани бузади. Аммо қусуқ ғолиб келиб, ихтиёрсиз равишда чиқса, бунинг рўзага таъсири бўлмайди.

- Рўзадор киши рўзасини эҳтиёт қилиб, сурма қўйишдан ва кўзига томизғи дорилар томизишдан сақланиши муносибдир.

- Оғиз ва бурун чайишда муболаға қилмаслиги, яъни сувни чуқур тортмаслиги керак. Чунки сув ичига кетиб қолиши мумкин.

- Рўзадор киши ёлғон, ғийбат, ҳақорат сўзлардан тийилиши лозим бўлади. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Чунки, баъзи одамлар бўладики, емак-ичмакни тарк қилиши осон бўлади-ю, ўзи одатланиб қолган ярамас хулқ-атвор ва гап-сўзларни тарк қилиши осон бўлмайди. Шунинг учун салафлардан бири: «Емак-ичмакни тарк қилиш энг осон рўзадир», деган.

Мусулмон киши Аллоҳдан қўрқиши ва тақво қилиши, Парвардигорининг буюклигини ва У зот уни ҳар доим ва ҳар бир ҳолатини кузатиб турганини ҳис қилиши, рўзасини бузадиган ва нуқсонли қиладиган ишлардан сақланиши лозим.

Рўзадор киши рўзадан бошқа пайтда мубоҳ бўлган ишларни тарк қилар экан, энди ҳеч қачон ҳалол бўлмайдиган ишларни тарк қилиши ва ҳақиқий рўзадорлар сафига қўшилиши у учун лойиқроқдир. Валлоҳу аълам.

@ISLOM