Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЗИЛКАШ ЧОЛУ КАМПИР Эшигимни тақиллатиб қоқ пешинда, 'Эски | Ishga Marhamad Andijon

ҲАЗИЛКАШ ЧОЛУ КАМПИР

Эшигимни тақиллатиб қоқ пешинда,
"Эски оламан", деб келди битта бола.
Ҳазиллашдим, ўз кўксимга уриб:
— Мана Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Бу уйда энг эски нарса — мен бўламан,
Бир торайиб, бир қарасанг кенг бўламан.
Вақти келса гўдак билан тенг бўламан,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Келинимдан аразладим, қолди кўнглим,
Койишидан, силташидан толди кўнглим,
Кетиб қолай, бир таъзирин берсин ўғлим,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

"Бир гап айтсам, аралашманг", деб туради,
"Ошхонада ўралашманг", деб туради.
Аччиғи бурнин учига кеб туради.
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Нонуштада "енг", деб ҳар не тутадилар,
Ўзлари ёш, не тишласа, ютадилар,
Эрталабда кўнглим на нон, на чой тилар,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Соат ўн бирларга бориб очар қорним,
Бир суюқ ош тилаб қолар ошқозоним.
"Нонуштада енг эди" деб, олар жоним.
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Қозон осиб, ўзим овқат қилолмасам,
Иситилган, қаттиқ овқат еёлмасам,
Қўшниларга "қорним очди", деёлмасам
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Тушликкача оч қоламиз чолу кампир,
Юрагимиз ўйнаб қилар "хапир-хапир"
Тухум, қаймоқ овқат бўлармиди, ахир
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

"Яхши ўтирибсизми?" деб, келар болам,
"Яхши ўтиринг" деб, ишга кетар болам,
Сўрамаски "Не едингиз бугун, онам?"
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Айтай, дейман ўғлим ҳали ишдан келсин,
Ишдан келса, дейман, аввал овқат есин,
Эртан айтай, дейман, тинчроқ ухлаб олсин
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Эрталабда бузгим келмас кайфиятин,
Очгим келмас юракдаги ғамлар қатин,
Шу келинни кучим етса, юлсам патин,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Куч борида болаларин боқишганман,
Ўчоғига оловини еқишганман.
Кирин ювиб, гиламини қоқишганман,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Қариб, болаларга ўхшаб қоларкансан,
Бир ширин сўз билан яшнаб қоларкансан.
Бир ёмон гап билан қақшаб қоларкансан,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Уйда яна мендай "эски" чолим ҳам бор,
Ўлимтикка уч-тўрт тугун молим ҳам бор.
Қон босимга икки халта дорим ҳам бор,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Қувват кетди, қўлим ишга келмай қолди,
Вужудимдан дарду касал кетмай қолди.
Ноз-фироғим чолимгаям ўтмай қолди,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Эшитгандим эскига ҳам бор харидор,
Ишлаб турар эмиш музей деган бозор.
Ўша ёққа чолим билан бизни об бор,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Кексамизу, аслида, бой табақамиз,
Ўзимизга етиб ортар нафақамиз.
Фақат чаққон бир дастёрга зориқамиз,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Музейингда ош-овқатга дастер борми?
Иссиқ-совуқлиги қандай, кенгми, торми?
Келинлар зап билмас экан у бозорни,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Билганида олиб бориб сотар эди,
Қулоғи тинч, мазза қилиб ётар эди.
Эсим қурсин, бизни ким ҳам олар эди,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Уйимиздан биз "йўқолиб" қолган куни,
Ўғлим дарров келинимдан кўрар буни,
Ажаб бўлсин, бир қўрқитиб қўяй уни
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Музейдаги ҳамма нарса эмиш — санъат,
Бўлар эдик биз ҳам тирик экспонат,
Кўргазмалар бўлса хорижгаям жўнат,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Қора атлас кўйлагимни кийволаман,
Тасбеҳимни мунчоққилиб илволаман.
Инглизча уч-тўрт сўзни билволаман,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет

Чолим ҳам-чи, кийиб олса дўппи, яктак,
Беқасам тўн билан бўлар куёвлардек,
Кўриб қўйсин дунё, қандай бўлар ўзбек,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Меҳмонларга чой қуйиб, нон тузатаман,
Рўмолимни учин тишлаб узатаман.
Таъзим билан "бай-бай" дея кузатаман
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Суҳбатимиз роса қизиб турган эди,
Уйдан аскиячи чолим чиқиб келди,
Не гаплигин эшитди-ю, дарров деди:
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

Яшайвериб шу эси йўқ кампир билан,
Эллик беш йил бўлмай, дарров зерикдим ман,
Тек қўймайди ўз ҳолига келинни ҳам,
Мени об кет, жоним болам, мени об кет.

https://t.me/Ishga_Marhamad_Andijon