Get Mystery Box with random crypto!

Урушдан кейинги бир неча ўн йилликда яшин тезлигидаги иқтисоди | Iqtisodchi Kundaligi

Урушдан кейинги бир неча ўн йилликда яшин тезлигидаги иқтисодий ўсиши билан дунёни лол қолдирган Японияда қандай қилиб 20-аср охирги йиллари “йўқотилган 10 йиллик” аҳволига тушди? Шу ва бошқа жараёнлар ҳақида 2 ЖУдан кейинги Япония тарихига бағишланган туркумнинг учинчи—ва охирги—қисмида.

3-қисм: “Йўқотилган ўн йилликлар”

Олдинги қисмда кўрганимиздек, 1960 йилларда Япония йирик иқтисодиётларни ортда қолдириб, дунё экспорт бозори пешқадамларига айланган бўлса, 1970 йилларга келиб жаҳоннинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси—АҚШнинг иқтисодий ҳукмронлигига таҳдид сола бошлайди.

Совуқ уруш бошида Япония коммунизмга юз тутмаслиги учун унинг учун иқтисодий шароит яратган АҚШ энди ўз ички бозорида япон маҳсулотлари билан рақобатлаша олмасликдан чўчий бошлайди. 1970 йилларда биринчи марта имтиёзли муносабатлар бекор қилиниб, АҚШ япон маҳсулотларига импорт тарифларини оширади.

70-йиллар охирида япон ишлаб чиқариши ва бошқаруви дунёда биринчи, деган фикр тарқалади. Ҳарвард профессори Эзра Вогел “Japan As Number One” китобида АҚШ Япониядан ўрганиши керак бўлган дарсларни ёзади. Китоб Японияда миллионлаб нусхада сотилади. "Японча менежмент" оммалашади.

70-йиллар муаммосиз бўлмайди—“Никсон шоклари” диққатга лойиқ. Биринчиси 1971 йилда долларнинг олтинга конвертациясини бекор қилиниши бўлса, 1972 йилда Никсон Токио билан маслаҳатлашмай ХХР билан алоқаларни тиклайди. 1973 йилги ОПЭК нефт эмбаргоси Японияни ёқилғисиз қолдиради.

Бу шокларга қарамасдан, иқтисодиёт ўсишда давом этаверади, япон фирмалари дунё бозорини нафақат автомобиллар, балки юқори сифатли истеъмол электроникаси—видеомагнитофонлар, аудиоплейер ва ҳклар билан таъминлашда давом этади. Made in Japan бренди дунёни забт этади.

Япон сармоядорлари ва банклари хориждаги машҳур кўчмас мулк ва кинокомпанияларни сотиб олади. Япониянинг ўзида 80-йилларда кўчмас мулк пуфаги шишишда давом этади. Иқтисодий ишонч баланд бўлганидан банклар сўраган одамга кредит беради. Токиода ер нархи 1-2 йил ичида 6-7 баравар ошади.

Ҳадемай 1-иқтисодиётга айланишини кутаётган Японияда ўз маданияти ва иш услубини тарғиб қилувчи “япон ўзлиги” (日本人論) ғоялари тарқалади, ҳар йили шу мавзуда 100лаб китоб чоп қилинади. Японлар ўзларининг ноёблигига ишонишади, чет элликларнинг бу ҳақдаги китобларини ўқишади.

Умуман олганда 80-йиллар иқтисодиёт ўз чўққисига етган ўнйиллик бўлади. Токиодаги ресторанларда бойлигини кўз-кўз қилмоқчи бўлганлар учун тилла қоғозга ўралган суши модага киради. Louis Vuitton ва ҳк люкс брендлар савдо рекордларини ҳар йили янгилайди. Бўйнига фотоаппарат осган япон туристлари гуруҳлари дунё шаҳарларини эгаллайди.

1989 йил январида салкам 63 йилдан бери ҳукмрон Император Хирохито ҳаётдан кўз юмади. Унинг ўлими билан “урушдан кейин” деб аталган тарихий давр тугайди. Тириклигида ҳурматини қилиб тургандек, жамиятда императорнинг урушдаги ўрни ҳақида саволлар баланд овозда янграй бошлайди.

Император иқтисодиётга тўғридан-тўғри таъсир қилмаса-да, кўп йиллардан бери шишиб келаётган иқтисодий пуфак унинг ўлимидан кейин кўп ўтмай ёрилади. Осмонга чиққан ер ва кўчмас мулк нархлари бирданига қулайди. Минглаб ширкатлар касодга учрайди, ўн минглаб ишчилар ишсиз қолади. Шу даврдан бошлаб тез иқтисодий ўсиш ўрнига стагнация бошланади.

1995 йил Япония учун айниқса оғир келади. Мағлубиятдан ярим аср кейинги бу йил Кобе шаҳрини ер билан яксон қилган Ҳаншин зилзиласи билан бошланиб, икки ойдан кейин Аум Шинрикё террористлари Токио метросида тарқатган зарин газидан 13 киши ҳалок бўлади ва 50 дан ортиғи жароҳатланади.

90-йилларга кейинчалик “йўқотилган 10 йиллик” номи берилади. Аммо бундай 10 йилликлар сони битта билан чегараланмайди—баъзи кузатувчиларга кўра, 1990 йилдан бери ўтган учта ўн йилликнинг барчаси Япония учун йўқотилган давр бўлди. Албатта, ҳақиқатда вазият унчалик ёмон эмас.

Каналга обуна бўлиш https://t.me/profsherzod
Мақола маъқул бўлса, яқинларингиз билан бўлишинг