Get Mystery Box with random crypto!

Уйни ижарага олса шартнома қилиш кераклиги ҳақида фикрларни кў | Iqtisodchi Kundaligi

Уйни ижарага олса шартнома қилиш кераклиги ҳақида фикрларни кўп кўрдим. Менимча, шартномани асосий моҳияти, иккинчи тарафни ҳақ ҳуқуқлари ҳақида мулоҳаза камроқ. Ғарбий мамлакатлардаги шартномаларни мисол қилиб келтиришаётганда, ижарага берувчини ҳақлари ва шартнома кучи ҳақида мулоҳаза йўқдек.

АҚШнинг кўп шаҳарларида, ижарага олмоқчи бўлган одам, одатда бир йиллик шартномага қўл қўяди. Ўша бир йиллик шартномада, ижарага олган одамга уй ёқмай қолса ёки арзонроқ уй топса ёки бошқа жойга ишга кетса, ёки миллионта бошқа сабаблар билан ижарага олган уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлса ҳам, йилни охиригача шартномани тўлаши керак. Яъни икки ой яшаган бўлса — бир йиллик шартнома қолган ўн ой учун пулни тўлашни тақозо қилади. Тўламаса — жазоланади. Бу худди қарзни олиб бермасликдек қонун бузарликка киради. Табиийки у одамни кўп йиллик кредит тарихига ҳам таъсир қилади ва келажакда ижарага уй олмоқчи бўлса, ёки қарзга уй сотиб олмоқчи бўлса ҳам таъсир қилади.

Бундай «қаттиқ» шартномалар ижарага олганлар учун қийин, масалан режалари ўзгариши мумкин бўлса — қийналишади. Лекин айнан шу «ўзгарувчи» режаларни ҳам нархи мавжуд. Шартномаларни мослашувчанлиги нархида ўз аксини топади.

Бундан бир неча йил олдин, мен бир йиллик шартномали уйда яшар эдим, ойига ижара 1200 доллар атрофида эди. Худди шу бинода, «ойма-ой», яъни бир йил бўлмасдан ҳам чиқиб кетиш мумкин бўлган шартномалар орқали худди шундай квартираларни олиш ҳам мавжуд эди. Уларнинг нархи энг камида 1900 доллардан бошланарди — агар камида уч ой олдин айтилса, ва агар 30 кун олдин айтилса 2300 доллар эди . Яъни, ижарага олувчи учун қанчалик мослашувчан шартнома бўлса — шунчалик қиммат. Энг арзон вариант — бир йиллик. Қаранг, ўша ўша уй учун, шартнома шартларига қараб нархлар ўзгаради. Тўғри-да, ижарага берадиган одам учун, бир йилда бир шартнома қилиш билан, «ойма-ой» шартномали уйларни ижарага бериш тамоман ҳар хил хизмат тури. Ташқаридан бир хил кўринса ҳам, бу ҳар хил маҳсулот.

Ҳозир ҳам қизиқиш учун текшириб кўрдим. Бизни шаҳарда кўп ижарага олувчилар университет билан боғлиқ бўлганлари учун, икки хил шартномалар мавжуд: 9-ойлик (академик йил) ва 12- ойлик. Табиийки, 9-ойлик ижара нархи, ўша-ўша хонадон учун 12 -ойлик ижара нархидан қимматроқ. Қизиқ томони, 9-ойлик шартнома шунчалар қимматки, озгина пул қўшиб, 12-ойлик олиб қўйиш мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, шартноманинг асосий ғояси — икки томон розилиги. Ижара шартномаси ҳам истисно эмас. Бизда шартномаларни йўқлигини бир хусусияти шундан иборатки, ижарага олган инсон ҳам, ихтиёрий пайтда уйдан чиқиб кетиши хавфи мавжуд — чиқиб кетса, ўша ижарага берувчини потенциал даромадини йўқ қилади. Одатда ижарага олувчилар агар ижара уйидан чиқиб кетсалар, бу ижара берувчи учун ёмон, лекин айнан шу хусусият ҳам нархланган. Ҳозиргидек, ижара нархини кескин ўзгариши, умид қиламанки, шартномалашишликка олиб келади ва шунда, ҳам ижарага олувчилар учун қандайдир ҳаловат бўлади ва худди шундай, ижарага берувчилар учун ҳам кафолат бўлади. Шартномаларни муҳим қисми — уларни бажармайдиган томонини мажбурлашда. Яъни бу масалда судни ўрни янада муҳимроқ бўлади. Мени бир тахминим шуки, агар шартномаларни амалиёти адолатли бўлса, ижара нархи албатта тушади — чунки тепадаги гап, узоқ муддатли кафолатланган ижара нархи, қисқа муддатлик ижарадан арзон. Бизда деярли бутун шаҳар қисқа муддатли ижарада яшайди — бизда янги маҳсулот тури — узоқ муддатли ижара керак, буни амалга ошириш учун эса, муҳим давлат институцияси — суд ва рағбатларни камайтирмайдиган солиқ сиёсати керак.