Get Mystery Box with random crypto!

Ахбор Имомхўжаев деганда, футбол дарғаси, шарҳловчи, бир неча | Аслановдан иқтибослар

Ахбор Имомхўжаев деганда, футбол дарғаси, шарҳловчи, бир неча китоблар муаллифи... Кўп айтиляпти, аммо мен у инсон ҳақида ўйлаганимда, «Футбол - дардим, қувончим, фаҳрим» китобидаги бир бўлим кўз олдимга келади дарҳол.

1979 йилдаги мудҳиш воқеа ҳақида
Ахбор ака хабар топган жойи, кейин уйига келиб, айтиб бериши, рафиқасининг «кимлар?» деган саволига «ҳамма, ҳаммалари» деб, йиғлаб юборганлари...

Ўткир Ҳошимовнинг ёзишича, асар муаллифи ўқувчидан ҳам кўпроқ ҳис қиларкан, қайсидир жойида ўқувчи жилмайса, ўша ерини ёзаётиб муаллиф қаҳ-қаҳ кулган бўларкан, ўқувчининг кўзига ёш келган ўринларда ёзувчи росмана йиғлар экан.

Билмадим, машҳур воқеа, Абдулла Қодирий Кумушни ўлдирдим, деб йиғлагани ростми, ахир ўзи ўлдирган, аммо Ахбор Имомхўжаев хотираларини китобга кўчираётганда минг бор йиғлагани шубҳасиз. Ишонаман.

Футбол шарҳлаш нима? Бир четда туриб, нима бўлгани, бўлаётганини айтиб туришми? Таҳлил қилишми ёки мухлислар билан бирга футбол томоша қилишми? Таърифлар кўп, аммо бирортаси Ахбор акага мос тушмайди. Каттароқ.

Шарҳловчи холис бўлиш керакми? Шарҳловчи совуққон бўлиши лозимми? Бунақа ўлчовларга Ахбор ака сиғмайди.

Ахбор ака футболда яшаган. Ярим аср футболимизда нимаики яхши-ёмон кунлар бўлса, ўз танасидан ўтказган. Инсон ўз ҳаётини шарҳлаши мумкинми? Йўқ, ахир.

Ахбор ака «Пахтакор» билан бирга ғалаба қозонган, «Пахтакор» билан бирга олий лигага, кубок финалига чиққан, тушган, ютқазган, йиғлаган, юқори қаватдан сакраган, портлаб кетган... Ҳам улар билан ўлиб, ҳам таъзияларни қабул қилган. Осонми?

Биласизми, бирор яқин инсонингиз вафот этса, унинг хотираси ва тегишли бир нечта расм ёки видеолар қолиши мумкин. Ўша инсоннинг ҳаёти энди фақат шу расмлар-у, бошқаларнинг у одам ҳақида эслаб қолгани.

Ахбор ака футболимиз ҳақида шу қадар кўп нарса билганки, айтишларича, ҳар сафар бирор воқеа айтиб берсалар, янги, ҳеч ким эшитмаган бўлиб чиқар экан. Тугамас экан, яъни.

Ана энди, тугади. Энди Ахбор акадан ўша расм-видеолару, китоблар, одамлар эшитиб қолган воқеалар қолди холос.

Бошқа сўз билан айтганда, футболимизнинг тарихи вафот этди. Сабр тилайман.