Get Mystery Box with random crypto!

Бир ерда эълон ўқиб қолдим: халқимизнинг соддалиги, алданишга | Аслановдан иқтибослар

Бир ерда эълон ўқиб қолдим: халқимизнинг соддалиги, алданишга мойиллиги ва фирибгарлар бундан фойдаланиши кўпайиб кетганидан, қаердадир маъруза бўларкан. Қандай қилиб алданиб қолмасликни ўргатишаркан. Билет нархи 550 минг сўм

Шу ўринда, «Эватл парадокси» деган бир қизиқарли мисол ёдимга тушди.

Машҳур грек файласуфи, софисти Протагор Эватл исмли йигитни шогирдликка олади. Ўз илмини, хусусан суд жараёнларини қандай ютиб чиқишни ўргатиши керак бўлади.
Тўлов шарти эса бундай: Агар Эватл ўқишни тугатиб, илк суд ишини ютса, устозига ҳақ тўлаши керак. Мабодо ютқазса, ҳақ тўланмайди.

Ўқиш тугагач, Эватл ҳеч қандай судда қатнашмай юраверади. Орадан йиллар ўтиб кетади. Табиийки, бундан Протагорни жаҳли чиқади. Пул талаб қила бошлайди. Охири шогирдини судга беради.

Суд жараёни қизиқ. Протагор бундай дейди:
- Мен судда ғолиб чиқсам, Эватл менга пул бериши керак. Чунки суд қарори шундай бўлади. Лекин судда ютқазсам ҳам, у пул тўлаши керак, чунки, келишувга кўра, агар илк ишини ютса, тўлов қилиши керак эди.

Шогирд ҳам, минг қилсаям, Протагорни шогирди, анойи эмас. У ҳам айтади:

- Агар судда ютсам, албатта, суд қарори бўйича ҳеч қандай тўлов қилмайман. Ютқазсам, яна тўламайман, чунки шартимизга кўра, агар илк суд ишимни ютсамгина ҳақ тўлашим керак бўлган. Мен эса, илк ишимни ютқазган бўламан.

Ҳамманинг боши қотади.

Энди юқоридани эълонга қайтамиз. Агар ўша маърузадан кейин, тингловчилар билетга 550 минг пул тўлашса, ўша маъруза умуман фойдасиз кетган бўлади. Ахир барибир алданиб, пул тўлашяпти-ку?

Агар, «йўқ, қанақасига, шу гапга 550 мингми?» деб тўполон қилишса, уларнинг ақли кирган бўлади, маъруза самарали бўлган ҳисобланади, демак, пул тўлаш керак. Зўрми?

Албатта, бу гапларнинг кўпи хазил. Балки ростанам керакли маъруза бўлар...