Get Mystery Box with random crypto!

Диёримизда алҳамдулиллаҳ, янги масжидлар очиляпти, эскилари та | Аслановдан иқтибослар

Диёримизда алҳамдулиллаҳ, янги масжидлар очиляпти, эскилари таъмирланяпти. Бу қувончли жараённи кузатиб менда айрим мулоҳазалар туғиляпти.

Биринчиси, масжидларни ҳаддан зиёд зийнатлаш урф бўлди. Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийга кўра уларни ранглар ва ҳандасий нақшлар билан зийнатлаш макруҳ. Бунга сарфланган маблағ учун эгасига савоб ёзилмайди.

Аммо уни масжид учун эҳсон қилинган маблағ эвазига зийнатланса, бу ҳолда амал ҳаром ҳисобланади ва бу ишга бош бўлган киши қиёматда жазоланади.

Менга маълум бўлишича, бизда ҳозир ўн минглаб долларларга гумбазлар қуриляпти, меҳроблар зийнатланяпти, минглаб долларлик қандиллар ўрнатилмоқда. Юз минг долларлик минораларимиз бор. Исроф бўлаётган бу маблағларга яна бир ёки икки масжид қурса бўлади.

Таъмирини кутиб турган масжидлар талай эканидан ҳам хабарим бор. Ёмон томони бу зийнатлар намозхоннинг хаёлини ўғирлайди, хушуъини йўқ қилади.

Ибн Ҳумом Ҳанафий айтадилар: "Қуръон ва Аллоҳнинг исмларини дирҳам, меҳроб, девор ва тўшакларга ёзиш макруҳ" ("Фатҳул Қадийр", 1/310). Шундай экан катта маблағлар кетказиб масжид меҳробларини безашнинг кароҳияти бор.

Ва янада ёмонроғи масжидлар кимўзарга, ўзаро фахрланишга барпо этилаётгандек.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Одамлар масжидлар билан фахрланмагунларича қиёмат қойим бўлмайди" (Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можжа ривоятлари).

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: "Яҳудий ва насронийлар зийнатлагандек зийнатлайдилар" дедилар.

Иккинчиси, шунча катта маблағлар эвазига қурилаётган масжидлар кичик ва тор қуриб қўйилмоқда. Баланд, лекин сиғимсиз бўлиб қолмоқда. Жума кунлари намозхонларнинг аксари қор-ёмғирлар ва жазирама қуёш остида қолиб кетмоқда.

Ўша зийнатлар ўрнига кенгроқ ёки икки-уч қаватли масжидлар қурса ёки жуда бўлмаганда ёмғирпўш тикласа бўлади. Тўғри, бу ерда архитектура идораларининг ҳам белгилаган меъёрлари бор экан, лекин уларни келишиб ҳал қилса бўлади.

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 17-оятида: "Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар", дейди.

Обод қилиш зийнатлаш, нақш ўйиш билан эмас, уни қуриш, ибодат, тоат, Қуръон тиловати, эътикоф ва таълим билан обод бўлади.

Шундай экан масжидларимизни содда, оддий лекин сиғимлироқ қилиш кераклигини сўрар эдим.

@MubashshirAhmad