Get Mystery Box with random crypto!

ТАҲАЖЖУД НАМОЗИГА ТААЛЛУҚЛИ ҚИСҚА МАЪЛУМОТЛАР Абу Ҳурайр | IQRO Online markazi

ТАҲАЖЖУД НАМОЗИГА ТААЛЛУҚЛИ ҚИСҚА МАЪЛУМОТЛАР

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: "Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қилсам? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини берсам? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечирсам", дейди", дедилар". [Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоятлари].

Таҳажжуд намозининг фазилати

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар. 
(Муслим ривояти) 

Таҳажжуд намози – "тунги намоз" ёки "қиёмул-лайл" деб ҳам аталади. Унинг ӯқилиш вақти ҳуфтон намозидан сӯнг то тонг отгунга қадар давом этади. Бироқ, таҳажжуд намозини туннинг охирги учдан бир қисмида, бироз ухлаб туриб ӯқиш афзалроқдир.

Ҳозирги кунларда туннинг охирги учдан бир қисми таҳминан соат 01:00 дан то 04:00 оралиғига тӯғри келади. Демак, мана шу вақтлар орасида уни ӯқиб олиш жоиздир.

Шу ерда, инсон баъзи узрли сабабларга кӯра таҳажжуд намозини қай пайтда ӯқиши афзалроқ, деган саволга уламолар, агар айнан кӯрсатилган вақтда уйғонишга ишончи комил бӯлмаган инсон, ҳуфтондан сӯнг витр намозидан аввал ӯқиб олса ҳам бӯлади, деб йӯл кӯрсатадилар. 

Тунги таҳажжуд намозининг адади ҳақида гапирадиган бӯлсак, Аллоҳ қодир қилганча 2-4-6 ракъат ҳам ӯқийвериш мумкин. Чунки бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ бӯлиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келган ривоятда: "Тунги намоз икки ракъат-икки ракъатдан (бӯлиб) ӯқилади", дейилган.
(Бухорий ва Муслим ривояти)

Кӯпчилик уламолар Оиша розияллоҳу анҳодан келган ривоятга асосланиб, тунги намоз энг кӯпи билан ӯн бир ракъатдан ошмаслиги ҳақида кӯрсатма берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон ойидаги тунги намозлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан сӯралганда шундай жавоб берганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ҳам, ундан бошқа ойларда ҳам ўн бир ракъатдан ортиқ (тунги намозини) ўқимас эдилар..." 
(Бухорий ривояти).


Таҳажжуд намозини кайфиятга кӯра, яъни уйқудан уйғониб ӯқилишини ҳисобга олиб, енгил икки ракъат намоз билан бошлаш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган қуйидаги ҳадис ҳам бу фикримизга мисол бӯлади: "Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин (бошласин)".
(Муслим ва бошқалар ривояти) 

Азизлар, юқорида сизларга таҳажжуд намози, унинг ӯқилиш вақти ва адади ҳақида қӯлдан келганича мухтасар маълумот беришга ҳаракат қилдик. Шояд, сиз ушбу нафл намозлар ичида энг улуғи бӯлган таҳажжуд намози ҳақида тӯлиқ маълумотга эга бӯлиб, уни қодир бӯлганингизча адо этишни одат қилсангизлар. 
Валлоҳу аълам

@IQRO_markazi