Get Mystery Box with random crypto!

Болаликка билет сотинглар, Мен дадамга салом айтаман. Аям ян | Inson Taqdiri

Болаликка билет сотинглар,
Мен дадамга салом айтаман.
Аям яна кулча нон ёпар,
Сизларга ҳам олиб қайтаман.

Болаликка билет сотинглар,
Акам ясаб беради варрак.
Томимизда лолақизғалдоқ,
Олиб бер, деб бўламан ҳалак.

Болаликка билет сотинглар,
Йўқ! Тўпалон қилмайман энди.
Мушукларнинг думидан тортмай,
Бошларини силайман энди.

Болаликка билет сотинглар,
Гарчи, узоқ манзилга етдим.
Мурғакгина сингилларимни,
Мен жудаям соғиниб кетдим.

Болаликка билет сотинглар,
Мен қайтаман ботгунча қуёш.
Аяжоним кетиб қолма, дер
Кўзларида ўша-ўша ёш...

Баходир  ҒУЛОМ


@Insontaqdiri