Get Mystery Box with random crypto!

АЛЛОҲ РИЗОСИ УЧУН... Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: | Inson Taqdiri

АЛЛОҲ РИЗОСИ УЧУН...

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
“Одамлар бир дарахтга сиғинишар, бу эса бир инсонга ёқмас эди. Бир кун у дарахт олдига ғазаб билан келиб, “Аллоҳ ризоси учун бу дарахтни кесиб ташайман”, деди.
Шунда шайтон бир инсон суратида келиб:

- Нима қилмоқчисан?, деб сўради.

- Кесмоқчиман.

- Нега кесасан?

- Одамлар Аллоҳга эмас, бу дарахтга сиғинишмоқда-ку.

- Сен дарахтга сиғинмаябсан-ку, сенга нима зарари бор?

- Барибир кесиб ташлайман тамом.

- Мен бундан яхшироқ ишни биламан, дарахтни кесмайсан, эвазига ҳар тонг ёстиғинг остида икки динор пул бўлади.

- Бу пулни ким қўяди?

- Мен қўяман.

Ҳалиги кимса ортига қайтиб кетди. Эрта тонг уйғониб ёстиғи остига қараса икки динор пул турибди. Эртаси куни тонг отгач эса ёстиғи остида ҳеч вақо топмади. Бундан ғазабланган кимса зудлик билан дарахт олдига етиб келди.

Шайтон уни олди келиб, “Не қилмоқчисан?”, деган эди,

“Одамлар сиғинаётган мана бу дарахтни кесаман”, деди.

Шайтон: “Ёлғон айтаябсан, энди кеса олмайсан”, деди.

Ҳалиги одам дарахтни кесмоқчи бўлган эди уни шайтон бир уриб ағдариб ташлади. У эса бу зарбадан ўлиб қолишига оз қолди.

Шайтон унга: “Биласанми мен кимман? Мен шайтонман. Аввалги бор келганингда холис Аллоҳ ризоси учун келган эдинг. Унда сенга қаршилик қилишга етадиган кучим йўқ эди. Сени пул билан алдаб ортингга қайтардим. Энди эса динорлар учун келдинг. Бу ҳолатда эса сенга кучим етади, дабдалангни чиқариб ташлайман, деди".

Холис Аллоҳ ризоси учун қилинган иш энг баракотли ва энг самаротли бўлади. Бу ишга илоҳий қувват мададкор бўлиб ҳеч кимда унга қаршилик қуввати бўлмайди. Шайтонлар тумтарақай бўлишади. Аммо ўртага дунёвий бирон бир манфаат аралашдими тамом, бу иш хайрли бўлмайди. Аксинча шайтонлар бу иш эгасини турли йўлларга солишади.

Холислик қанчалик аҳамиятли экани ва мол дунёга эга бўлиш учун бу холислик бўлмаслиги маълум. Бирон иш қилинмоқчи бўлса, аввало ниятни холис қилиб олиш лозим бўлади. Ана ўша ишдан самара кутиш мумкин. Шунингдек, шайтон зарарларидан ихлосли амаллар сабабли сақланиш ҳосил бўлади.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ.


@Insontaqdiri