Get Mystery Box with random crypto!

“ДАСТУРХОНДА ҚОЛГАН НОН ШАЙТОННИ НАСИБАСИ”МИ? 877-CАВОЛ: Яқи | Insof Sari TV

“ДАСТУРХОНДА ҚОЛГАН НОН ШАЙТОННИ НАСИБАСИ”МИ?

877-CАВОЛ: Яқинда тўйимиз бўлди. Келин бўлиб тушган хонадонимда қизиқ одатлар бор экан. Қайнонам “Дастурхонда дуо қилаётганда нон қолиб кетмасин. Акс ҳолда, у нонни емаслик керак. Қолган нон шайтоннинг ризқи бўлади. Уни кучукка бериш керак”, деб айтди. Шу гап ростми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еяётган вақтда ерга тушиб кетган ушоқ ёки овқат бўлакларини териб олиб, тозалаб ейишга буюрганлар. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангизнинг луқмаси (ерга) тушиб кетса, уни олиб, (ёпишган) зарарли нарсаларни кетказиб, есин. Уни шайтон учун тарк қилмасин. Бармоқларини яламагунча қўлини сочиққа артмасин. Чунки, у барака таомнинг қаерида эканини билмайди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан Аллоҳ таоло берган ризқнинг қадрига етмаслик шайтоний амал экани, тўкилган таомни ердан олиб, тозалаб ейиш ризқнинг қадрига етиш, инсонлардан қолган таомлар шайтон ва жинлар учун таом қилиб берилгани маълум бўлади. Бу дуо қилинганидан кейин дастурхонда қолган нонларни емаслик керак, бу шайтонни насибаси бўлади дегани эмас, аксинча уларни авайлаб олиб қўйиш, ушоқларини эса териб ейиш лозимлигини ифода қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

@InsofsariTv