2022-08-03 21:07:40
ЖАНГ
Туғилдинг –
жангчисан!
Кўзларингни оч.
Йиғлайсан, чалинади бонг.
Куласан, чалинади бонг.
Биринчи қадаминг – биринчи зарбанг,
Гўдаклик кўзларин очмайди шу тонг.
Йиқилиб қонаган бошингга,
Бойланар онангнинг рўмоли.
Отангнинг далдасин кўтариб,
енгмоқчи бўласан дунёни.
Йилларнинг бошига туширасан мушт,
Кунларнинг бўйнига иласан гуноҳ.
Ҳар куни ўзингга бўласан мағлуб,
Саволларинг мағлуб.
Савобларинг мағлуб.
Ҳаммаси ўзингнинг қурбонинг.
Ҳаётнинг муштлари тугамас,
Тугамас жанглари дунёнинг.
Олдинда муҳим жанг,
Ишқ жанги, соғинч жанги.
Севганингнинг кўзига,
Ёмғирдай ёғиш жанги.
Ютолсанг, висолга эгасан!..
Шамолга айланар нигоҳинг,
Оловдек ёнади ҳар панжанг.
Зарбалар!
Зарбалар!
Зарбалар!
Ҳар ёққа сочилар ҳисларинг.
Севи-и-б юмулади кўзларинг,
Севи-и-б очилади кўзларинг.
Муштлардан юрагинг синади,
тугайди охирги умидинг.
“Барибир мен сени севаман”, –
Шу сўзнинг устига қуладинг.
Ўртага айрилиқ тушади,
Бошланади тескари саноқ.
Ўн!
Тўққиз!
Саккиз!
Турсангчи, турақол, осонми севмоқ.
Етти!
Олти!
Беш!
Севганинг кўзини юмади…
Тўрт!
Уч!
Икки!
Бир!
Ҳаммаси тугади…
Лекин сен жангчисан –
жанг қилишинг шарт.
Жанг қилиб, уйландинг бошқа бир қизга,
Жанг қилиб, умрини қаритдинг.
Қувонса – қувондинг жанг қилиб,
Йиғласа жанг қилиб ёшини артдинг.
Жанг қилиб ичишни ўргандинг!
Жанг қилиб кетишни ўргандинг!
Жанг қилиб кечишни ўргандинг!
Отангни кўмасан ютқазиб…
Онангни кўмасан ютқазиб…
(Жудолик!)
Рақибинг жўнатар қабрга,
Муштингга гулдаста тутқазиб!
Йиғлама..!
Йиқилсанг, очидан ўлади боланг,
Йиқилсанг, очидан ўлади боланг!
Энди сен жангларни сотасан,
Ютқазиб болангни боқасан!
Ютқазиб ўғлингни уйладинг,
Ютқазиб узатдинг қизингни!
Ҳар жангда – ҳаммаси тугади,
Ҳар жангда – ўлдирдинг ўзингни!
Бир куни бошланди ҳақиқий бир жанг,
Бу сафар ҳаётга осон енгилдинг.
Болангнинг қўлига йиқилдинг…
Бу жангда тескари санамас ҳеч ким,
Бу жангга тескари қарамас ҳеч ким.
Ҳаммаси бир гапни қайтариб айтар,
“Калима қайтар , калима қайтар!”
Тилингга жанг бўлиб келар калима,
Лабингдан жанг бўлиб чиқар калима…
Ўғлингни босади ваҳима…
Қизингни босади ваҳима…
Жанг қилиб жонингни қиласан таслим.
Сен тупроқ ҳидини туйган бир маҳал.
Қабрингнинг тошига суратинг илиб,
Давомчинг қўлини кўтарар ажал!
Шохрух Нажот шери
@ZamStarshiy
1.4K views18:07