Get Mystery Box with random crypto!

​​“Тўловларни бўлиб-бўлиб тўлашга келишилган” “Ўзгазлойиҳа” | influenceruz

​​“Тўловларни бўлиб-бўлиб тўлашга келишилган”

“Ўзгазлойиҳа” МЧЖнинг 63,4 фоиз давлат улушини 21,5 млрд сўмга “Prime Tower Group” МЧЖ сотиб олгани, аммо айни вақтдаги очиқ маълумотларда МЧЖнинг 36,5 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигининг ўзида тургани ҳақида хабар бергандик.

Агентлик матбуот хизматининг Influencer’га маълум қилишича, “Ўзгазлойиҳа” МЧЖнинг давлат улуши сотуви бўйича амалдаги қонунчилик ва шартнома шартларига кўра сотиб олувчи томонидан тўловларни бўлиб-бўлиб тўлашга келишилган.

“Prime Tower Group” МЧЖ томонидан бугунга қадар 9,125 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган бўлиб, тўловларга мутаносиб равишда тегишли давлат улушлари харидор номига ўтказиб берилган. Давлат улушининг қолган қисми сотиб олиш тўлови тўлиқ тўлангач харидор номига расмийлаштирилиши айтилди.

“Prime Tower Group” МЧЖ — 2016 йил март ойида рўйхатга олинган. Архитектура соҳасида фаолият юритади. 60 фоиз улушига Нодирбек Ибрагимов, қолган 40 фоиз улушига эса Махсуд Худаяров эгалик қилади. Ушбу компанияга ҳукуматнинг ёпиқ ҳужжатлари орқали “Янги Ўзбекистон” университети ва унинг биноларини қуриш ишлари ҳам берилган (расмда).

Бундан ташқари, компания Tashkent City’даги бир нечта лойиҳаларнинг бош дизайнери сифатида, Тошкент рақамли ситуацион маркази, президент мактаблари, «Чоштепа» маҳалласидаги 72 та уй ва бошқа йирик лойиҳаларда иштирок этган.

Айрим манбаларда бу компания ҳам Тошкент шаҳар ҳокимига яқинлиги ҳақида сўз борган. Шунингдек, очиқ маълумотларда “Ўзгазлойиҳа”нинг янги манзили сифатида Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Беруний кўчаси, 83-уй кўрсатилган. Ушбу манзилда J-United Group МЧЖ ҳам жойлашган.

Дарвоқе, “Ўзгазлойиҳа” МЧЖнинг 34,5 фоиз улушига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўғридан тўғри эгалик қилади.

@influenceruz