Get Mystery Box with random crypto!

ҒАЗАБНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОСИ Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, | imon.uz

ҒАЗАБНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОСИ

Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. Манманлик.
2. Мазаҳ.
3. Ҳазил.
4. Масхара.
5. Айблаш.
6. Риёкорлик.
7. Алдамчилик.
8. Мансабпарастлик.
9. Дунёпарастлик ва бошқалар.
Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.
Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:
1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.
Молик ибн Авсдан ривоят қилинади:
"Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:
"Эй мўминларнинг амири! "Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир", дея бошлади.
У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп тааммул ва тадаббур қилар эди. Бир оз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди".
Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди-да, сўнг "...аччиғини ютадиганлар" оятини ўқиб туриб, ғуломига: "Уни қўйиб юбор!" деди.
2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.
Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи: "Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас", дейди.
3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш.
Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.
4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсани қутурган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.
5. Ғазабни ютмасликка ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш.
Эҳтимол, шайтон унга "Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверасанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!" деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига ўзи: "Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!" дейиши керак.
6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.

"Руҳий тарбия" китобидан.
Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
•┈•┈•┈•❁imonuz❁•┈•┈•┈•

imon.uz     | @imonuz