Get Mystery Box with random crypto!

ИБРОҲИМ АДҲАМНИНГ НАСИХАТЛАРИ Бир киши Иброҳим Адҳамнинг ол | ANOR

ИБРОҲИМ АДҲАМНИНГ НАСИХАТЛАРИ

Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим гуноҳ маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ маъсиятлардан қайтарадиган бирон нарса борми?” деди.
Иброҳим Адҳам: “Агар айтадиган насиҳатларимни тинглаб уларга риоя қила олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди”, деб жавоб берди.
Ҳалиги киши: “Уларни айта қолинг, Эй Абу Исҳоқ”, деди.

Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади:
1.Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг берган ризқини емагин!
Ҳалиги киши: “Унда қаердан ейман, Ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!”.
Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!”.

Ҳалиги киши: "Йўқ албатта, иккинчисини айта қолинг”, деди.
2. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида турмагин!
Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқ-ку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?”, деди.
Иброҳим Адҳам: “Эй инсон, У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!”.
Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, учинчисини айта қолинг”, - деди.
3. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, у сени кўрмайдиган бир жойни топ-да, исёнингни ўша ерда қил!
Ҳалиги киши: “Ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!”, деди.
Иброҳим Адҳам: “Ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшаб туриб, Унинг сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини била туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?”.
Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айта қолинг”, деди.
4. Агар ўлим фариштаси руҳингни олиш учун келса унга: “Тўхтаб тургин, тавба қилиб олай", дегин.
Ҳалиги киши: "У буни қабул қилмайди-ку", деди.
Иброҳим Адҳам: “Агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жон топшириш пайти етса унинг асло ортга сурилмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!”.
Ҳалиги киши: “Бўлди, бешинчисини ҳам айтинг”, деди.
5. Қиёмат кунида Забониялар (дўзахга кирганларни азоблашга тайин қилинган фаришталар) сени дўзахга олиб кетишга келсалар, улар билан бирга бормагин.
Ҳалиги киши: “Улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку”, деди”.
Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!”
, деди.
Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”, деб чиқиб кетди.

"Динимиз аҳкомлари" китобидан.

Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
•┈•┈•┈•❁imonuz❁•┈•┈•┈•

imon.uz | @imonuz