Get Mystery Box with random crypto!

ЮЗИНГИЗНИ ЯХШИЛАБ ТАНИБ ОЛМОҚЧИМАН Телебошловчи бир миллионер | Ilhomjon_Boborahimov

ЮЗИНГИЗНИ ЯХШИЛАБ ТАНИБ ОЛМОҚЧИМАН

Телебошловчи бир миллионер меҳмонидан сўраяпти:

- Ҳаётингизда сизни энг кўп нима бахтиёр қилган?

- Бахтиёрликнинг тўрт босқичидан ўтдим ва ниҳоят чин бахт нималигини англадим.

1. Нарса тўпладим. Кўпайтирдим. Тўймадим.
2. Қимматбаҳо нарсаларни сотиб олдим. Янада қимматини, янада қимматини. Лекин унинг ҳам мазаси вақтинча бўлди, холос.
3. Катта-катта лойиҳаларни сотиб олдим. Футбол командасими-ей, саёҳатчилар учун оромгоҳларми-ей. Лекин барибир ўзим кўзлаган ва кутган бахтга эришолмадим.
4. Бир дўстим ногирон болалар учун ўзиюрар аравачалар сотиб олишга улуш қўшишимни сўради. Мен дарҳол рози бўлдим.

Ўша дўстим, совғани болаларга ўзинг бориб, ўз қўлинг билан топширасан, деб оёқ тираб туриб олди. Ночор бордим. Болаларнинг хурсанд бўлиб, аравачаларда у ёқдан бу ёққа учиб юрганларини кўрдим. Улар худди бир ўйингоҳларда юргандек қувнашарди.

Болаларнинг қувнаганини кўриб, ўзим ҳам яйраб кетдим.

Шундан кейинги ҳолат эса бу бахтиёрликни қалбимнинг ич-ичигача олиб кирди.

Кетмоқчи бўлиб турганимда болалардан бири оёғимга маҳкам осилиб олди. Оёғимни беозоргина олмоқчи бўлсам, у янада қаттиқроқ ёпишарди. Ўткир нигоҳи юзимга қадалган эди. Ҳайрон бўлиб сўрадим:

- Тойчоғим, сенга яна бирон нарса керакми?

Бу беғубор, бегуноҳ, юзида чин маънодаги бахтиёрлик нишоналари акс этиб турган хилқатнинг сурурбахш, умидбахш жавобига қулоқ солинг-а:

- Отажон, жаннатда сизни учратганимда Парвардигоримнинг қошида сизга миннатдорчилик билдиришим учун юзингизни яхшилаб эслаб қолмоқчиман.

Дод деб юбордим. Кўп йиғладим. Бир тарафдан унинг хурсандлигидан, иккинчи тарафдан эса ўзимнинг бахтиёрлигимдан ҳушимни йўқотиб, ерга қулай дедим...

Арабчадан Муқим Маҳмуд таржимаси 2019-06-07