Get Mystery Box with random crypto!

Ярим соатдан сўнг 3оға ини ботир уйингга борамиз. Ҳаракатингни | Хаётий ва тўқима хикоялар 📖

Ярим соатдан сўнг 3оға ини ботир уйингга борамиз. Ҳаракатингни қилиб қўй. Нима? Ҳа, яна битта дугонангни чақирасан-да, шуни ҳам мен ўргатишим керакми? Нима дединг? Хўп-хўп, ўтган кунгидан ҳам аълороқ бўлади. Жийда халталаринг пулга тўлиб кетмаса мен номардман. Ҳа, сен ҳаппайи ҳалол ўзимникисан, бегона қилган – ўғри!
Собит оламга татигулик зўр ишни дўндириб қўйган каби керишиб олиб, сўнг дўстларига қаради-да “Қани, кетдик!” деб амр қилди.
-Мен бормайман. Бир пас шу ерда ўтирларинг,-деди Олим пешонасини тириштириб.
-Вей, эркак! Сенга нима бўлди? Битта сенинг хотининг баннисадами?
Собит шундай деб зарда қилди-да, Олимга яқинлашиб, елкасига енгил мушт урди.
-Бунга осилаверма,-деди Ҳамдам.-Хотин касалванд бўлсаям ёмон-да.
-Нимаси ёмон? Касал бўлса тузалади,-деди Собит унга норозилик билан боқиб.-Тузалмаса... кетворади. Кетворса янгиси бўлади-да! Хотининг қанақа касал эди? Оёғи оғрирмиди? Қайтага яхши-ку! Оёғи оғриса уйда ўтираверади, орқангдан судралиб юрмайди. Сен эркин қуш бўлиб учиб юраверасан. Хоҳлаган шохингга қўниб сайрайверасан.
-Бўлди қил!-деди Олим овозини кўтариб.-Билиб-билмай чулдирайвермагин. Аҳволи чатоқ. Дўхтир иккала оёғини кесармиш.
“Кетворса янгиси бўлади”, деб турган Олим бу гапни эшитди-ю, масхарабозлигини бас қилиб, жимиб қолди. Ҳамдам “яна бир нарса маълум қилармикин” дегандай Олимга тикилиб қолди. Бир неча нафаслик жимликдан сўнг “Қўйсангчи, ҳазиллашяпсанми?” деб сўради.
-Дўхтир қайнотамга шунақа дебди.
-Бошқа илож йўқ эканми?-деди Ҳамдам меҳрибонлик билан. Кейин далда бериш мақсадида қўшиб қўйди:-Дўхтир узил-кесил шунақа демагандир, бошқа шифоси бордир. Қайнотанг сал оширворгандир.
-Оширвормади. Розилик беришим керак экан.
-Унда... чинданам чатоқ экан,-деди Ҳамдам афсус билан.
-Розилик берма,-деди Собит гапга аралашиб.-Энди умрингнинг бу ёғи оёқсиз хотин билан ўтадими?
-Агар кесмаса...
Олимнинг қолган гапи оғзида қолди, Собит унинг сўзини савол билан узди.
-Ўладими? Умри қисқа бўлса, кесса ҳам ўлади, кесмаса ҳам. Сен ўзингни ўйла. Ўттиз бешга кирган эркаксан! Сенга ҳар қанақа қиз ҳам “жон-жон акажон!” деб тегади. Нимага сиқиласан? Хотинни сен касал қилдингми? Пешонасида бор экан, касал бўпти. Яна бу ёғига Худо пошшо! Қани, тур, сўррайма! Кетдик!
-Бормайман,-деди Олим ўжарлик билан.