Get Mystery Box with random crypto!

Аллоҳ раҳм қилибди Кунларнинг бирида бир киши маҳалла домласи | ИБРАТЛИ ДУНЁ

Аллоҳ раҳм қилибди

Кунларнинг бирида бир киши маҳалла домласининг олдига ўзини қийнаётган савол билан борибди. Домланинг уйи ёнига бориб, эшигини тақиллатибди. Ичкаридан домланинг: «Ким?»- деган овози эшитилибди. Шунда келган одам: «Домла мен фалончиман»- дебди. Домла эшикни очиб: «Э, келинг, марҳамат»- деб кўришибди ва ичкарига таклиф қилиб, дастурхон ёзибди. Домла келган меҳмоннинг хомуш кайфиятда эканлигини сезибди-ю, аммо ҳижолат қилмай деб, у ёқ бу ёқдан бир оз суҳбат қурибди. Келган меҳмон мунгли оҳангда: «Домла сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Менинг бир ҳеч кимга айта олмайдиган туғма нуқсоним бор. Буни жарроҳлик йўлига кўра даволатишга кўп уриндим, аммо имкониятим бўлмади... Мен жуда қайғу ва изтиробдаман. Бу нуқсонимдан хабардор яқинларим ва танишларим орасида бош кўтара олмайман. Улар буни юзимга солиб, масхара қиладилар. Охирги вақтларда ҳаётдан тўйиб кетдим. Баъзан ўзимни ўлдиргим келади. Нима қилай... домла? «Нима Аллоҳ мени шунчалик ёмон кўрадими?»- дебди. Шунда домла у кишига: «Ундай деманг, Аллоҳ бандасига меҳрибон Зот. У ҳеч қачон бандасига ёмонликни раво кўрмайди. Буни исботи сифатида мен сизга Ҳизр алайҳиссалом билан бўлган бир воқеани айтиб бераман. Диққат билан эшитинг ва ўзингиз хулоса қилинг!

Бир куни Ҳизр алайҳиссалом ҳовуз ёнидан ўтаётсалар бир қанча болалар ҳовузда чўмилишаётган экан. Ҳовузнинг бир четида кўзлари ожиз бир болакай турган экан. Ҳизр алайҳиссалом ҳалиги болага ачиниб, Аллоҳдан болани кўз нурини қайтариб беришини илтижо қилиб, сўрабди. Аллоҳ болага кўриш неъматини насиб қилибди. Бола ўзида йўқ хурсанд бўлибди...

Кунлар ўтиб Ҳизр алайҳиссалом яна ўша ҳовуз ёнидан ўтиб қолибди. Не кўз билан кўрсинки, ҳалиги кўзи ожиз бола бир ўзи ҳовузда чўмилар, қолган болаларни эса ҳовузга яқинлаштирмасди. Чўмилмоқчи бўлган тенгдошларини чўктирар ёки ҳовуздан чиқиб, болаларни ўларча калтакларди. Шунда Ҳизр алайҳиссалом: «Ё Аллоҳ, сен фазлинг, марҳаматинг ва неъматингни кимга беришни биласан. Қайсидир неъматни, қайсидир бандангга бермаслигинг, бу сенинг ўша бандага раҳм қилганингдан. Сен ҳар бир нарсани ҳикмат билан қиласан. Аллоҳ мени авфу эт. Бошқа инсонларни бу боланинг зулмидан ўзинг асра!»- деб дуо қилибди». Азиз биродарим, қолаверса бу Аллоҳнинг синови, сабр қилсангиз албатта савобга эга бўласиз»- дебди.

Буни эшитиб ўтирган ҳалиги киши: «Домла, демак, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилар экан, қолаверса Аллоҳ менга раҳм қилган эканда, ундай бўлса мен сабр қиламан»- дебди, кўзларидан эса дув-дув ёшлар оқарди. Ўзини ўлдириш фикридан қайтиб, Аллоҳнинг қазою қадарига рози бўлибди.


@IBRATLI - Ҳикоя ва хаётий воқеалар...