Get Mystery Box with random crypto!

Ерга қулаган фильм Айни пайтда кўчада исталган одамни тўхтати | Ўйлашимча?

Ерга қулаган фильм

Айни пайтда кўчада исталган одамни тўхтатиб кино ҳақида сўроқ қилсангиз, ҳар икки кишидан бири Зулфиқор Мусоқовни энг яхши режиссор, «Осмондаги болалар» ни эса энг яхши фильм дейди. Мен учун ҳам болаликда ушбу фильм энг севимли эди, энди соҳа вакили сифатида бу фильмни қанча ҳаракат қилмай танқид қилолмайман. Барбир эски носталгия кайфияти йўл қўймайди. Йиллар давомида фильм мавқейи ўз номига монанд осмонларга чиққан эди. Кеча эса ким учундир кутилмаган, кимларгадир эса кутилган ҳолда фильмнинг қулашига гувоҳ бўлдик.

Трейлерни илк бор кўрганимдаёқ ичимдан бир нима ўтганди. Наҳотки, яна? Наҳот, бу фильм ҳам сўнггилари каби бўлса? Ишонч комил қилиш учун кеча премьерага бордим. Афсуски ҳаммаси кутганимдек.

Мен ёқтирган фильмларимдаги энг асосий унсур бу композиция. Режиссор учун бу энг муҳим омиллардан бири деб биламан. Кечаги фильмдаги энг катта камчилик ҳам шу бўлди. Воқеалар умуман ёпишмагандек, соҳта, атай қилингандек туюлаверди. Фильмга қўшилган янги қаҳрамонлар телбалик борасида эскиларини ҳам ортда қолдирябти, ҳатто чегарадан бир мунча ўтиб ҳам кетябти. Юморларнинг айримлари жуда юзаки ва кино тили учун жуда савиясиздек. Айрим эпизодлар эса бағоятда пафос билан бойитилган, гўё қарсак учун атай қилингандек( олимпиада эпизоди).

Актёрлар ва нопрофессионаллар орасида ҳам уйғунлик бир бунча йўқолиб қолган. Асосий қаҳрамонлар орасида фақатгина Хуршид ва Ойпопук линияси тугал ва тушунарли. Аммо, ундаги финални ҳам янгилик деб бўлмайди. Қолган линиялар эса жуда ачинарли аҳволда.

Фильмда давомидаги мусиқалар кетма-кетлиги ҳам жуда эриш туюлди. Бир қарасангиз Европа классик композиторлари, сал туриб эса нотаниш ўзбек хонандасининг оҳ-воҳи қандайдир.

Умуман, фильмнинг давоми олиниши нотўғри қарор эмас, шунчаки танланган вақт нотўғри эди. Зулфиқор Мусоқовнинг аввалги фильмларидаги ютуқ бу аввало сценарий эди. Олдинги фильмлар кўплаб ижодкорлар билан ҳамфикр тарзда ёзилган эди. Бу борадаги ёлғизлик охирги пайтлар жуда сезиларли даражада кўзга ташланиб қолмоқда.

Мен учун иккинчи қисмдаги финал саҳнаси идеал эди. Ҳар бир қаҳрамоннинг келажак ҳаёти унда башорат қилиб бўлинган эди аслида. Томошабин ўшандаёқ ўз қаҳрамонлари билан видолашиб бўлганди.

Фильмни бизга қадрли қилиб турган нарса ҳам асли соғинч эди. Ўша қаҳрамонлар, замон ва муҳитнинг ширин қоришмаси эди бу фильм. У биз учун қўл етмас осмонда эди доим. Навбатдаги учрашув эса ҳаёлий орзу ва туйғуларимизни парчалаб юборди. Фильм эса осмондан ерга қулади.

Шохрух Норқулов, фейсбукдан олинди.