Get Mystery Box with random crypto!

Путин учун ҳақиқий таҳдид НАТОнинг кенгайиши эмас, балки қўшни | Hurfikr.uz

Путин учун ҳақиқий таҳдид НАТОнинг кенгайиши эмас, балки қўшни мамлакатларнинг демократлашувидир

Америкалик дипломат ва Стенфорд университети профессори Майкл Макфол “Путиннинг Украинага бостириб кириши сабаблари ва оқибатлари” номли очиқ маъруза ўқиди, унда у Кремл ҳарбий амалиётининг асл мақсадлари,  шунингдек, урушни кучайтириши мумкин бўлган сценарийлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

2012 йилдан 2014 йилгача (Қрим аннексия қилинишидан олдин) Макфол элчи сифатида Россияда Вашингтон манфаатларини ҳимоя қилган, ундан олдин эса у Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича махсус ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 

У Москва ва Вашингтон муносабатларини "қайта тиклаш сиёсати"нинг меъмори саналади.

Унинг сўзларига кўра, Украина истилоси Москванинг НАТОнинг “тажовузкор сиёсати”га жавобдир, деган Россия расмий позицияси ички жиҳатдан қарама-қарши ва асоссиздир.

"Мен Обама, Путин ва Медведев ўртасидаги барча учрашувлар ва барча телефон суҳбатларида қатнашганман. Россиянинг НАТО билан алоқалари муаммосини муҳокама қилганимиз бирорта ҳам ҳолатни эслай олмайман", деди Макфол.

Босқиннинг асл сабаблари, дейди профессор, Москванинг ички сиёсатидадир. 

Грузия (2003) ва Украинада (2004),  кейинроқ Миср,  Ливия ва Сурияда (2011) ҳокимият алмашишига олиб келган демократик жараёнларни Кремл Вашингтоннинг қасддан қилган ҳаракатлари натижаси деб билади.

Украинадаги президентлик сайловларида Виктор Януковичнинг мағлубиятини Россия ҳукмрон элитаси ҳам худди шундай қабул қилди. 

Кремл учун бу сўнгги томчи бўлди, чунки Владимир Путин нуқтаи назарида, Қўшма Штатлар учун ҳар қандай ғалаба Москва учун йўқотишга ва Россия манфаатларини бузишга тенгдир.

"Путин учун ҳақиқий таҳдид НАТОнинг кенгайиши эмас, балки қўшни мамлакатларнинг демократлашувидир",  - деб ишонади собиқ элчи. 

Украинанинг демократик танлови бир вақтнинг ўзида Кремлнинг иккита энг муҳим эртагинми йўққа чиқаради:  "Алоҳида Украина халқи йўқ" ва "Биз улар каби эмасмиз".

Бироқ,  Афғонистонга қўшинини киритиши Совет империяси учун "интиҳонинг ибтидоси" бўлгани каби, Украинага бостириб кириш Россия учун ҳам охирнинг бошланишидир, деб ишонади Макфол.

“Бизнинг мақсадимиз Украинага ғалаба қозонишига ёрдам бериш,” - деб хулоса қилади дипломат. - “Бу нафақат Украина, балки Европа манфаатларига ҳам жавоб беради, шунингдек, глобал хавфсизлик ва демократик ғоялар тантанаси гаровидир”.

https://t.me/Hurfikruznews