Get Mystery Box with random crypto!

ФАРМАЦЕВТИКА МАФИЯСИ КУЧ-ҚУДРАТИ ВА ТАЪСИРИНИ НАМОЙИШ ЭТМОҚДАМ | Hurfikr.uz

ФАРМАЦЕВТИКА МАФИЯСИ КУЧ-ҚУДРАТИ ВА ТАЪСИРИНИ НАМОЙИШ ЭТМОҚДАМИ?

Ҳурматли журналистлар, ҳақиқий блогерлар!
Жамиятимизнинг фаол аъзолари, уйғоқ депутатлар!

Агар жим турсак, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўли билан дунёда энг кучлилардан бири ҳисобланмиш фармацевтика мафияси вижонли шифокорлар бошини ейди ва назоратсиз олиб кирилаётган “дори” кўп кишининг умрига зомин бўлишининг сабабчисига айланамиз.

Док-1 Макс сиропидан болалар ўлаётганлиги ҳақидаги маълумот Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида аниқланиб, оммалаштирилганлигини эшитганлар “бундай жиноятнинг очилганлиги яхши бўлди, аммо ушбу фактни аниқлаганларни нима кутмоқда? Фармацевтика мафияси ўта кучли дейишади, шифокорларга бир кор-ҳол бўлмасайди-да” деган хавотирли фикрларни эшитган эдим.

Самарқанднинг дадил журналистларидан бири Гулрух Мўминова Док-1 Макс сиропи билан боғлиқ ҳодисадан хабар топгач, “Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари – Сизлар қаҳрамонсизлар!” сарлавҳаси остида ўз фикрларини баён этган эди.

Журналист айнан ушбу марказнинг фидойи шифокорлари томонидан Док-1 Макс дори воситасидан болалар ўлим топгани ҳақдаги факт ошкор этилиб, жамоатчиликка маълум этилганлигини таъкидлаб, бу марказ мутасаддиларининг фидойиликлари, жонкуярликларидан дарак беради деб ёзган эди.

Шу билан бирга, Г.Мўминова ўз хавотирини яширолмасдан шундай деган эди: “Аммо… юқорида таъкидлаганимдай, пул айланмаси бор жойда баъзи фидойиликлар унутилиши турган гап. Марказ шифокорларига қайсидир бир маънода катта эҳтимол билан босимлар ҳам бўлиши мумкин. Айтмоқчиманки, жамиятда эркин фикр билдириш орқали тазйиққа учраш фақатгина журналист ё блогерларга тегишли эмас, аҳолининг манфаатини ўйлаган ҳолда инсонларни огоҳликка чақираётган турли соҳа вакиллари, жонкуярлар ҳам кези келганда босимга учраши мумкин. Шу маънода улар ҳам ҳимояга муҳтож”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мавжуд ҳолатни ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузган эди. ССВ матбуот хизмати маълумотига қараганда, ўрганиш натижасида 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди. Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг икки нафар мутасаддиси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ва гемодиализ бўйича мутахассиси ҳамда Тойлоқ туманидаги оилавий шифохонанинг тўрт нафар мутахассиси лавозимидан озод этилган.

Бундай қарорнинг қабул қилининиши жамоатчилик хавотири тўғри бўлиб чиққанлигини кўрсамоқда. Ушбу қарор Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўли билан жиноятни ошкор этганлар жазоланганлигига далил эмасми?! Ахир, ССВ хулосасида ҳақиқат қуйидагича тан олинган-ку: “болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи ёмонлашишига сабаб бўлган”.

Шундай экан, бу ҳолатда дорини олиб кирган, уни қўллашга рухсат берганлар айбдор эмасми? Вазирликдаги жаноблар, бир ижтимоий тармоқда жамоатчилик вакиллари билдираётган фикрлар билан танишинглар. Улардан айримларини келтириш билан чекланаман.

Саодат НАРЗИҚУЛОВА:
Муаммони аниқлаб олиб чиққан айбдор бўлади, шу хабарни ўқиган заҳотим шундай бўлишини кутгандим, аниқ тассавур қилгандим… Бўлди, бечора оилавий шифокор, оилавий ҳамшира, дориларни ножўя таъсирини аниқланган врачлар хат билан чиққанлар “виноват” бўлади ...

Рустамжон САТТОРОВ:
Етти киши ҳаммаси нотўғри интизомий жазо олган. Системада шунақа камчилик бор деб, жаноб Вазир истефо берсин. Бу духтурлар масаласи эмас, бу сертификация масаласи.

Ушбу ҳолат қайта кўриб чиқилиши, ҳақиқий айбдорлар жазоланиши, болалар ўлими янада кўпайиши мумкин бўлган вазиятни олдини олганларнинг хизмати тақдирланиши шарт. Шундай бўлганда, бу Янги Ўзбекистонда ҳақиқий янгиланиш амалга ошаётганлиги, ҳар қандай ҳолатда адолат тантана қилиши сифатида жамоатчилик томонидан қабул қилинади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,
журналист

https://t.me/Hurfikruznews