Get Mystery Box with random crypto!

Ошинларимдан иккитасининг фарзанди ўқишга ўтибди. Зулҳуморни | Hikoyalar (G&M)

Ошинларимдан иккитасининг фарзанди ўқишга ўтибди.

Зулҳуморнинг қизи Қизлархон Қўқон Давлат пеп. институтининг Ўзбек тили ва адабиёти факултети талабаси бўлди. Контракт.

Зулхуморнинг турмуш ўртоғи бундан етти-саккиз йил илгари маст ҳолатда бетон ариққа боши билан йиқилиб ўлган. Аввалроқ юқори синфда ўқийган ўғли дадасидан қаттиқ калтак еганидан сўнг алам билан молхона тўсинига ўзини осиб ўлдирганди.

Дадаси нега урганди?

Мактабга цирк келганида циркни кўраман деб уйдан (ота-онаси уйида бўлмаган) бесўроқ икки минг сўм олган. Сен недирки бесўроқ пул олдинг деб дадаси ўласи қилиб калтаклаган.

Шундай қилиб, ошиним аввал эридан, сўнг тўнғич фарзандидан айрилиб учта ёш боласи билан ёлғиз қолган.

Зулҳумор болаларини боқман деб Тошконда, Қозоқда мардикор ишлаган. Менинг боғимда ҳам тўрт йилга яқин ишлади. Уч йилча бурун шаҳардаги тўқувчилик ишида ишлади.

Дарвоқе, Зулҳуморнинг иккита акаси Россияга ишга бориб ўша ёқларда бадар кетган.

Инсулт бўлиб бир жойда ётиб қолган дадасига ҳам Зулҳумор қаради, ўлгач, кўмди.Лекин унга дадасидан мерос қолмаган.

Зулҳумор жисмонан кучли аёл эди, бир қоп етмиш килоли ловияни индамай елкасида кўтариб кетаверарди.

Ҳалол ишларди.
Дангасаликни билмасди.
Ёнимдаги деҳқон шерикларим: " Сиззи ошиниз зўр", дерди.

Ростдан зўр эди ошиним.

У кун бўйи меҳнат қилиб уйга борганида болаларига овқат тайёрлаб бўлгач, ярим кечаси далага молини боққанни олиб чиқарди.

Кечю кундуз меҳнатдан тинмасди.
Худо унга жисмоний қувват бериб, эри ва тўнғич ўғлини қайтариб олганди.

Айрим пайт ундан: " Маҳалладан ёрдам сўраб турасизми?" - десам: " Йўқ!"- дерди.

Зулҳумор катта қизини Тиббиёт коллежида контрактга ўқитиб турмушга узатди, энди эса иккинчи қизи талаба бўлди.Контракт.

Ўтган куни Зулҳуморга тилпон қилдим: " Қизиз ўқишга киргани билан табриклайман.Контракт экан. Пулдни қайтдан топасиз? Ё бирор жойдан ёрдам сўраймизми?"- дедим.

" Топарман", - деди.

Ҳозирча бошқа тилпон қилмадим.

Зулҳуморлай сарсон бўлган, қийналган, меҳнаткаш ва орияти кучли аёлни бошқа кўрмаганман.

Раҳимжон Раҳмат

@Hikoyalar