Get Mystery Box with random crypto!

Дунё яхшилар борлиги учун ободдир! Аёл эри туҳмат билан қамал | Hikoyalar (G&M)

Дунё яхшилар борлиги учун ободдир!

Аёл эри туҳмат билан қамалган кунининг эртасига бозорга борди. Мақсад: тишининг кавагида турган юз долларни майдалаш ва рўзғорнинг камини шу пулга тўлдириш эди.

Яна эрига ҳам одамини топиб, ичкарига жунпайпоқ киргазмоқчи!

Чунки билади, фарзандларининг отасида бод касали бор...

Уч тўрт сарроф (долларпуруш) ни оралаб эрининг дўсти бўлган бир одамнинг олдига борди:

-Фалончи ака, яхшимисиз? Эрим сизга учрашимни айтгандилар. Шу юз долларни майдалаб беринг...

Сарроф дарров эшитган хабарини айтди. "Ёмон гап тез тарқалади!" деганлари балки шудир...

-Ўртоғим яхши бола эди, нима бўлди, ўзи? Эшитиб хайрон қолдик. Сиқилманг, тез орада чиқиб кетади, у унақа бола эмас...

Аёл ажабланганидан савол берди:
-Сиз қачон эшитдингиз?
-Кеча...

Сарроф пул берди, аёл унга ишонгани учун пулни олди. Сал юриб, пана жойга ўтиб, санаб кўрди. Кейин эрига атаб жунпайпоғу иссиқ кийим-кечак қилди.

Қаёғданам рўпарасидан "доллар, российский оламиз!" деган биттаси чиқа қолди...

Бири айтган пулнинг қиёсини эшитиб, ишонмади! Яна бошқасидан сўради...

Бояги ҳолатини билиб, таскин берган сарроф уни нақ ўттиз минг сўмга алдаганди...

Ўттиз минг...

У ҳеч нарса эмас аслида, аммо...

Билиб туриб кўз ўйиш-деб аталарди бу воқеа!

Уйга келгунча таёқдек қотиб келди. Қўлидаги жунпайпоққа кўз ёши томиб-томиб йиғлади!

Ўттиз минг учун эмас...
Йиқилганнинг устига чиқиб, бўйини баланд кўрсатадиган ана шунақа одамлар борлиги учун!

Уйининг ёнида бир магазин бор.
Сотувчиси илмли йигит!

Оҳирги пайтлар сезиб қолди: ўша йигит нуқул ҳаражатларни нотўғри ҳисоблаяпти...

-Шакар неча пул?
-Беш минг келинойи!
-Икки кило беринг!
-Хўп, яна нима?
-Бодринг икки кило
-Минг сўмдан.
-Нега сизларда арзон?
-Сўлиб қоляпти-да иссиқда...
-Қатиқ?
-Бир литрлиги беш минг.
-Жами?
-Ўн олти минг...
-Акамга салом айтиб қўйинг.

Йўлда келгунча ўйланиб келди. Йўлнинг у ёғида бошқа магазин бор. Эринмасдан кирди. Шакар у ерда тўққиз минг экан...

Аёл бу сафар ҳам йиғлади.
Кўча қоронғу, йиғлаганини биров билмайди, кўрмайди...

Эртаси куни кеча ўн олти минг савдо қилган дўконига борди.

-Кеча адашиб кам ҳисоблабсизлар. Мен уйда ўтириб ҳисобладим, тўлашга пулим етарли. Илтимос кечаги нарсаларни бошқатдан ҳисоблаб беринг!

-Келинойи, ҳаммаси яхши. Акамни сўраб қўйинг! Нима керак бўлса, чиқаверинг.

Аёл тушунди. Дардини айтмаса ҳам биладиган одамлар бор экан. Таскин бермаса ҳам қўллайдиганлар...

Мана нима учун дунёни яхшилар обод қилади деймиз!

2021йил.

Ummu Zaynab Ummu