Get Mystery Box with random crypto!

Бир муҳаббат тарихи... Аямнинг оналари(энам) Тожикистондан бў | Hikoyalar (G&M)

Бир муҳаббат тарихи...

Аямнинг оналари(энам) Тожикистондан бўлганлар. Қулоқ қилиш даврларида юртимизга келиб, шу ерда қолиб кетганлар.

Энамнинг иккита укалари бўлган: катталари Абдуллахон, кичиклари Муҳаммаджон.

Ўша Абдуллоҳ тоғамиз ўн йил бурун саксонга яқинлашиб қолганларида вафот этдилар. Лекин то вафотларигача қариндошларимиз ичра энг кўп Ўзбекистонга меҳмон бўлиб, хабардор бўлиб тургувчимиз ўша тоғам эдилар. Чегаралар бекилиб, ўтиш учун рухсатга кўп ҳужжатлар керак чоғдаям минг машаққат билан келиб кетишларининг сабабини ҳеч англамас эдим... Бир куни сўнгги бора келдилар, ҳар доимгидан кўра бошқача маҳзун эдилар, ўткир нигоҳлари ўйчан, ҳаёллари фаромуш эди, андак хўрсиниб қўяр, қаттиқ хаяжон ичра турганларини сезиш қийин эмас эди. Ўша куни тоғамиз билан сўнгги суҳбат бўлган эди. Ўша куни бутун ҳаёти ибодат ичра кечган инсоннинг кўнгил кечинмалари билан илк дафъа танишган эдим. Ўша куни оддий инсоннинг чексиз муҳаббат тарихини тинглаган эдим. Ўша куни олтмиш йиллик ҳотиралар китобини қайта очиб кўрган эдик...

Хотирамда қолган сўзларини имкон қадар келтираман...

"Ёш йигит эдим, опамнинг сабаблари билан Ўзбекистонга келиб юрар эдим. Мени шу ердан уйлантириб қўйишди. Келин бениҳоятда чиройли эди (тоғамиз ҳам жуда нурли инсон эдилар) Кўнглимга шуқадар ёқар эдики, андаккаям айрилолмас эдим. Фақат бир муоммомиз бор эди, у Тожикистонга боргиси келмас, мен бу ерда қололмас эдим. Умрим йўлларда ўта бошлади.

Имкон қадар ёнида бўлишга ҳаракат қилардим. Юртимга борсамам жуда тез қайтардим. У ёқда аямиз "Ўзбакинг келмаса уйлантираман", дейишдан чарчамас, бу ёқда буни боришга кўндиролмас эдим. Азбаройи муҳаббат сабаб ҳеч машаққат сезилмас эди.

Бир сафар Тожикистонга борсам аямиз хасталаниб қолибдилар, одатдан кўра узоқроқ қолиб кетдим. Оёққа туриб кетар дегандим бўлмади, омонатларини топширдилар. У вақтларда телефон йўқ, уловлар кам, хабар бериш машаққат кўрмадим. Маъракаларини ўтказгач йўлга отландим, мисли қушдай учиб Ўзбекистонга келдим. Аёлим мендан ҳафа эди, менинг эса тушинтиришгаям мажолим йўқ, жуда толиққан эдим, жойимга чўзилдим. У эса аёллигига борди. У ёқдан уйлангансиз, мени яхши кўрмайсиз, эсламайсиз деб мендан гиналаниб бошлади мен эса ҳар гапига йўқ, йўқ деб бош чайқардим.

Бунақа қилиб сарсон қилиб юрадиган бўлсангиз қўйсангиз қўйиб қўяқолинг деганда, хўп ҚЎЙСАМ ҚЎЙИБ ҚЎЯҚОЛАМАН деган сўз оғзимдан чиқиб кетди-ю, ўрнимдан бирдан сапчиб туриб кетдим. Нима деб қўйганимни ўзим тушинмай қолдим. Шу билан шу уйдан чиқиб кетдим, аёлим қолди, бахтим қолди, ҳаёлим, ҳаётим ҳам ўша ерда қолди, ўзим эса қайтолмадим.

Бутун умрим илм билан ўтди, ҳаммага ҳар масалада ечим топиб бердиму, ўзимнинг ҳолимга чора тополмадим. Талоқ сўз оғзимдан чиққанида эди, бунинг ҳукми нима бўлишини аниқ билардим. Бу ишимда эса аниқ тўхтамга келолмадим...

Олтмиш йил ўша аёлнинг муҳаббати билан яшадим, олтмиш йил ўша аёлни бир кўриш илинжида Ўзбекистонга қатнадим... Олтмиш йил йўлларда изладим, тўйу- маъракада изладим, чўлларда изладим, мободо у эмасмикин деб ҳар ўхшаш чеҳрага бир назар ташладим... Мумкин эмаслиги учун у яшаган қишлоққа бир қадам босиб ҳеч қачон кирмадим, бироқ ҳар сафар кўриниб қолармикин деб узоқдан соатлаб тикилиб ўтирардим... Бирор марта кўрмадим...

Бугун Ховоснинг йўлида мошинга минсам, ёнимга ўтириб қолибди. Танидим, ҳудди олдингидай. Олтмиш йил олдин билмай хато қилган эдим, бу сафар билиб қилдим, мен унга гапириб қўйдим. Ҳол-аҳвол сўрадим, турмушини сўрадим, кейин ризолик сўрадим...

Ўтган ишдан менгина эмас, у ҳам қаттиқ пушаймон экан. Энди бу ерда тутгувчи иш қолмади, сизларам рози бўлинглар"...

Тоғам кейин қайтиб келмадилар, ўз юртларида бироз ўтгач вафот этдилар.

Мен саксондаям китобни кўзойнаксиз ўқийдиган, тунлар таҳажжудга турсалар, атрофида нур айланиб турадиган, нафси тўйиб овқатланмайдиган, косаларини таомдан сўнг доим чайқаб ичадиган, келсалар бошимизни бир силаб меҳрларини ифодалаб қўядиган ўша парҳезкор тоғамизнинг кўнгилларида сўнгги нафасгача яшаган аёлнинг қандай бўлганликларини ҳанузгача негадур кўргим келаверади...

Нодира муаллим