Get Mystery Box with random crypto!

Рамазоним келмокда! Қуёшни ҳам кулдириб, Қалбга сурур тўлдири | Hazratim

Рамазоним келмокда!

Қуёшни ҳам кулдириб,
Қалбга сурур тўлдириб.
Дўстларни суюнтириб,
Рамазоним келмокда!

Саҳар туринг ёронлар,
Хатм қилинг Қуръонлар.
Дод деворсин шайтонлар,
Рамазоним келмокда!

Ғафлат ойи эмас бу,
Овқат ойи эмас бу.
Раҳмат ойи демак бу,
Рамазоним келмокда!

Сергаклик аҳди бўлган,
Мўминнинг бахти бўлган.
Исломнинг фатҳи бўлган,
Рамазоним келмокда!

Енг шимаринг тоатга,
Иймоний ҳаловатга.
Эришинг саодатга,
Рамазоним келмокда!

Иймон кучга тўлади,
Шайтон қулфланади,
Рухул Қудус инади.
Рамазоним келмокда!

Рамазонда сабр бор,
Етти юз қат ажр бор.
Минг ойга тенг Қадр бор,
Рамазоним келмокда!

Бу ой марду майдондир,
Кутиб турган райёндир.
Суму, деган Раҳмондир,
Рамазоним келмокда!

Юртдошим сен ҳам маҳкам бўл,
Савоб ишда илдам бўл.
Тур, ётма пешқадам бўл,
Рамазоним келмокда!


Аброр Мухтор Али
Шаъбон 25, 2010