Get Mystery Box with random crypto!

Бугун ёзаётган воқеликка асосланган ҳикоя бизга узоқ бўлмаган, | 🌹Hayotiy Hikoyalar🌹

Бугун ёзаётган воқеликка асосланган ҳикоя бизга узоқ бўлмаган, 1990 йилларда бўлиб ўтган.
Бу воқеликка ўзим гувоҳ бўлмасамда, қадрдон бир опамдан эшитган эдим.

Аёл кишини эри ичувчи бўлса, унга бунданам ортиқроқ изтироб, бунданам ортиқ азоб бўлмаса керак. Болаларнинг гўзал болалигини, аёлнинг аёллик бахтини йўқ қиладиган, оилани пароканда қиладиган, ота – онасига, аёлига, фарзандларига мислсиз азоб-уқубат, изтироблар келтирадиган арақхўрлик - жамиятимиздаги энг ачинарли, энг оғриқли муаммосидир.

Маҳалламизда гўзал қизлар кўп бўлсада, сочлари узун, кўзлари охуникидек, бўйлари баланд, хипча белли Жўрахон опага нафақат маҳалла йигитлари, хатто қизлари ҳам хавас қарар эди. Ёш эдим, энг гўзал опа менинг қўшним эканлигидан фахрланар эдим.))

Жўрахон опа маҳалладан узоққа кетмади, бир неча уй нари қўшнимизга – ўзидек чиройли, ўқимишли бир йигитга турмушга чиқди. Уларнинг оталари синфдош дўстлар эди. Ёшлар эмас, катталар шуни ҳоҳлашди.

Улар икки фарзандли бўлишди. Жўрахон опанинг эри қайсидир идорада, бошқа корхоналар устидан назоратчими, текширувчими бўлиб ишлар, назаримда топиш – тутиши анча яхши эди, лекин.... аканинг топиш – тутиши яхши бўлгани, ошгани сари, ичкиликка қўйган меҳри ҳам ошиб бораверди.

Аввал бошида ичиб келганда, уйда ахён - ахёнда жанжал эшитилиб турсада, кейинроқ кунда, кун оралаб жанжал бўладиган, Жўрахон опани ўласа қилиб, аямай урадиган бўлди. Бу ҳам камдек, аста – секин болаларини ҳам урадиган одат чиқарди. Баъзан Жўрахон опа болаларини олиб қочиб бизникига чиқар, то эри ухлаб қолмагунча, уйларига кириб кетолмас эдилар.

- Опажон, жудаям жонимдан тўйиб кетяпман, бу дунёда фақат шу болаларимни деб яшаяпман. Ҳамма болалар дадасини ишдан келишини байрам каби кутса, мени болаларим эса дадасини келишига юраклари безиллаб, қалтираб ўтиришади. Ота – онам тирик бўлганларида ҳам уйимга кириб кетардим.– деб опа онамга ўксиб – ўксиб йиғлаб гапирардилар.

Кунларнинг бирида кечаси кўчада шовқин – сурон овози эшитилди. Деразадан кўчага қарадим, кўчада тез ёрдам машинаси, оқ халатли докторлар, бир қанча мелиционерлар ва 3 – 4 қўни – қўшнилар Жўрахон опаларнинг эшиги олдида йиғилишиб туришарди.

Тинчликмикан? Жўрахон опани эри яна уриб, опага ёки болалари бирор шикаст етказдирдимикан-а? Хавотирим ошди. Бир вақт икки мелиционер Жўрахон опани ўртага олиб мелиция машинага олиб чиқди. Опа деярли судралаётгандек юриб машинага чиқиб кетди. Назаримда, опа хушида эмасдек эди гўё.

Бироз олдин кўчага чиқиб кетган дадам ҳовлига кириб келишди.

Жўрахон опа эрини ўлдириб қўйибди....

Қулоқларимга ишонгим келмасди.

Вақт ўтиб, суд ҳам бўлиб ўтди. Опага эрини қасддан ўлдиргани учун 18 йил қамоқ жазоси берилди.

(Аслида бу воқелик орқали бошқа бир ҳолатни ёритмоқчи эдим, лекин воқелик бошқа бир томон бурилиб кетди, )

Ҳамма юз ўгирган Жўрахон опадан онам юз ўгирмади. Қамоққа тушган дастлабки кунлари дадам билан онам билан бирга опани кўриб келишди.

Уйга келгач, онам анча хафа бўлиб, қон босимлари кўтарилиб юрдилар.

- Бечора Жўрахон, бир бурдагина бўлиб қолибди. Мани кўриб, юраги тўлиб турганмикан, қучоқлаб олганича, юм- юм йиғлайди холос. Анча гаплашиб ўтирдик, насиҳат қилдим. Жўрахонни акалари “Ўзимизни болаларимиз кўп” деб, амма, амакилари эса “Укамни ўлтирганни болаларини боқамизми” деб болаларини олиб кетишмабди. Уларни синглиси олиб кетибди. Бирор кун болаларини ҳам кўриб келиб қўйсак.

- Ая, зарурми сизга? Ана, акалари борсин. – дедим ёшлигимга бориб.

- Иккинчи бу гапингни гапирма, мусулмончиликда қўшни ҳаққи бор.
Инсонлар ўз ҳаққиларини талаб қилгандек, бошқалар ҳаққини ҳам адо қилганларида эди, Жўрахон опанг қамоққа тушмаган, болалари сарсон бўлмаган, эри ҳам ўлмаган бўлар эди. Афсус, ҳаққимизни қанчалик адо қилоляпмиз билмайман, болам.

Онам кейинроқ Жўрахон опани фарзандларини бироз озиқ – овқат, бироз кийим кечак қилиб кўргани бориб ҳам туришди.

Вақтлар ўтиб ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Биз ҳам у маҳалладан кўчиб кетдик.