Get Mystery Box with random crypto!

УЛУҒЛИК НИМАДИР? Улуғлик даъвосини қилиш тубанликдир. Улуғлик | HAQSÖZ

УЛУҒЛИК НИМАДИР?

Улуғлик даъвосини қилиш тубанликдир. Улуғлик – катталикдир. Катталик Аллоҳга хос. Бандага хокисорлик ярашади.
“Лисонут тайр”да айтиладики, Симурғ қошига кетаётган қушлар Унинг қошига қандай совға олиб борайлик деб Ҳудҳудга савол берадилар. Ҳудҳуд: “У подшоҳнинг хазинасида ҳамма бойлик бор. У ҳеч нарсага муҳтож эмас. Унинг бисотида ожизлик йўқ. Подшоҳга заифлик билан, хокисорлик билан боринг!” – дейди.
Машҳурлик, нотиқлик, гўзал чеҳра, чиройли кийим, қимматбаҳо улов, жилмайган юз, кўксдаги қўл, олам аҳлининг жамики эҳтироми, чеки кўринмайдиган бойлик, шарафингга отилган мушаклар, чалинган қарсаклар, киришинг билан ўриндан туришлар, атрофингни ўраган мухлислар, суратга тушишни истаганлар, ҳашамдор уйлар – буларнинг ҳеч бири инсон учун улуғлик ё иззат мезони эмас. Бу ризқларнинг соҳиби бўлган одам улуғлик маснадида ҳисобланмайди.
Аллоҳ таоло иззат ва улуғликни иймон устида барпо бўлган гўзал ва самимий хулқ ичига яширди. Аллоҳ ўз бандалари ичидан кимгадир улуғворлик ато этса, бу банда ўзини тупроқдан қуйида кўради. У шишмайди. Ҳовлиқмайди. Гердаймайди. Ўзидан кетмайди. Мақтовга эҳтиёж изҳор қилмайди. Зотан, инсонларнинг мақтовига кўз тикиш чўчқа думалайдиган балчиққа талпинишдан кўра ёмонроқдир.
Шайтон измидан юрган пасткашлар улуғларга кесак отиб чарчамайдилар. Асли, уларнинг на мустақил фикри, на эркин қарори йўқ. Ялоқларига тўлдирилган ювинди учун ҳақ тўлайман бошқаларга ҳурадиган итлардир улар.
Пастакашда мардлик йўқ. Мард инсон душманликни ҳам ўз ўрнига қўяди. Мард душман ўз рақибини ҳам қадрлашни билади. Тубанлар эса бу каби туйғулардан йироқ. Улар ахлат тозалаш учун қўлга кийиладиган бир қўлқопдир.
Агар кўчада бир ит акилласа, оқил инсон унга эътибор бермас. Тишлаб олмасин деб дарҳол узоққа кетар. Башарти, итга жавоб бериш учун тўрт оёқлаб, унинг қаршисига турса, не бўлур?!
Бир отарчи чиқиб муаззам Ислом қадриятлари хусусда валдираса; яна бир ахлоқсиз обрўли инсонлар шаънини булғалаш учун чангалида ахлат кўтариб келса – уларнинг қай бирига эътибор бериш керак?! Эътибор бермоқ оқилнинг ишими? Бу улуғлик поясидаги зотларга ярашурми?!
Тубанлар билан тенг бўлмаслик – иззатнинг белгисидир. Бетарбия сўзларни жавобсиз қолдирмоқ бу сўзни-да, унинг сўзловчисини-да, жазоламоқ услубидир. Модомики, илоҳий қадриятларга тил тегизганнинг тилини суғуриб олмоқ имкони бўлмаса, уни ёлғизлатиш ва эътиборсизлик қамалида қолдирмоқдан ўзга чора йўқ.
Улуғлик – лаиму арзол қаршисига чиқмасликдир. Бу тоифанинг чораси қаттиққўл амалдир, холос. Ҳар қандай сўз уларга таъсир этмас.
Буюклар номига доғ туширмоқ учун ҳаракат қилган кас ўзини тириклай куйдирмоқда, шубҳасиз. Ювинди истагидаги талваса уни бўғиб ўлдириши муқаррар.
Вақт шамоли макон узра эсиб турибди. Бу эсиш қиёмат кунига қадар давом этгай. Бу шамол йўқликка қараб учирмайдиган бирор махлуқ йўқдир оламда. Вақт шамолига дош беражак биргина қудрат – Иймон ила Аллоҳга қурбат ҳосил этмакдир. Аллоҳнинг қонунлари вақт шамолидан кучлироқ ва бу қонунларга итоат этганларни Аллоҳнинг ўзи ҳифз этажак, табиий.
Аллоҳнинг ҳузурига ожизлик билан йўл ол. Роббинг қаршисида таслимият ва кўзёш ила қойим бўл. Ўзгалар устидан ўзингни катта олма ва тубанлар қаршисида ўзингни ерга урма. Бу Аллоҳ берган иззат ва улуғликдир, иншааАллоҳ!

Акром МАЛИК
2020 йил, 1 декабр

Луғат

• Лаим – пасткаш
• Арзол – разиллар

@haqsoz